Хонадон эгасида катта миқдордаги пул борлигини билган фуқаро уни ўлдириб, бойликка эга чиқишни мақсад қилади.
2015 йил октябрь ойида асли Навоий вилоятидан бўлган фуқаро Россиянинг Воронеж вилоятида яшовчи руҳонийнинг уйида вақтинчалик истиқомат қилган. Шу вақтда ўзбек миллатига мансуб ижарачи хонадон эгаси билан таъмирлаш юзасидан келишувга эришган. Хонадон эгасида катта миқдордаги пул борлигини билган фуқаро уни ўлдириб, бойликка эга чиқишни мақсад қилади.
У аввалига ошхона пичоғини олиб, хонадон эгасига бир неча марта жароҳат етказади, кейин жабрланувч бирор кимсага хабар бермаслиги учун телефон симини ҳам кесиб ташлайди.
Уйдан пулларни, қимматбаҳо буюмларни қидирган жиноятчи сейфни топиб, жабрланувчидан унинг кодини сўрайди ва пул, мобил телефонни олиб, уй эгасининг автомобилида воқеа жойидан қочиб кетади. Жароҳатланган уй эгаси эса ҳаётдан кўз юмади. Умумий ҳисобда ўғирланган пул миқдори 580 минг рублни ташкил этади.
Босқинчилик ҳаракатини амалга оширган ўзбекистонлик фуқаро олиб қочган автомобилнинг ғилдираги йўлда панд бериб, ёрилиб кетади ва тўхташга мажбур бўлади. Шундан сўнг у қўлга олинган. Тергов вақтида айбланувчи барча қилган жиноятига иқрор бўлди.
Хабарларга кўра, жиноятчи 15 йиллик қамоқ жазосини қатъий режимда ўтказади. Бундан ташқари, унинг оиласига келтирилган молиявий зарарни қоплаш учун 116 минг рубль, етказилган руҳий зарар компенсацияси сифатида 800 минг рубль миқдорда жарима маблағи белгиланди.