Рекс Тиллерсоннинг Москвага ташрифи олдидан бир қатор Ғарб сиёсатчилари АҚШ томонидан Россияга санкциялар эълон қилинишини кутишганди, аммо...
Сергей Лавров Рекс Тиллерсоннинг ташрифи айни вақтида амалга оширилганини таъкидлаб ўтди. Суриядаги воқеа масаласида икки мамлакатнинг позицияси ҳақида ахборот берилди.
“Бу учрашув ҳақиқатан икки мамлакат учун ҳам зарур вақтда ўтказилмоқда. Бир-биримизнинг тактик қарашларимизда фарқ бўлишига қарамасдан, ўзаро умумий мақсадларимизни тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз”, деди Америка давлат котиби.
Лавров ва Тиллерсон муҳокамаларининг тафсилотлари ҳамкорликдаги матбуот анжуманида маълум қилинди. Унда икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг жадаллашишига алоҳида урғу берилган.
Россия ва АҚШ муносабатлари энг пастки даражада бўлиши маъқул эмаслигини таъкидлаган Рекс Тиллерсон деградацияни тўхтатиш лозимлигини қўшимча қилди.
Айтиш керакки, Рекс Тиллерсоннинг Москвага ташрифи олдидан бир қатор Ғарб сиёсатчилари АҚШ томонидан Россияга санкциялар эълон қилинишини кутишганди, аммо бундай бўлмади. Сергей Лавров Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга путур етказиш истагидагилар борлигини маълум қилди.
Сергей Лавров ва Рекс Тиллерсон ўртасидаги муҳокамаларнинг бош мавзуси Сурия бўлди. АҚШ Сурия раҳбари Башар Асад лавозимини тарк этишини маъқулламоқда. Россия эса президентнинг тақдирини Сурия халқи ҳал этиши лозимлиги ҳақидаги фикрни илгари сурди.