У гумонланувчиларнинг бошқа мамлакатлардаги шериклари ҳам терговга киритилишини таъкидламоқда.
Давлат раҳбари ўз бошқарувидаги Адолат ва тараққиёт партиясининг мажлисида мазкур баёнотни берди.
“Дастлаб, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Жамол Хошхожий Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигига никоҳ ҳужжатларини расмийлаштириш учун борди. Мазкур ташрифдан кейин уни ўлдириш режалари тузилди.
1 октябрь куни учта саудиялик фуқаро Истанбулга келиб, консулликка кирди. Бошқа бир консуллик жамоаси эса Истанбулнинг Белград ўрмонига борган.
2 октябрь куни эса 15 кишилик гуруҳ келди. Шундан сўнг консуллик видеокамералари ишлашдан тўхтатиб қўйилди.
Шу куни журналист консулликка ташриф буюрди ва у ердан қайтиб чиқмади. Буни Туркия полицияси хавфсизлик камераларини текширгандан кейин аниқлади.
Шундан сўнг, Истанбул Бош прокуратураси терговни бошлади. Прокуратура Хошхожийнинг консулликка киришидан олдин 15 нафар саудиялик разведка ходимларини Истанбулга келиб, консулликка кирганини аниқлади.
Туркияни тарк этишдан олдин, улардан бири журналистнинг кийимларини, кўзойнаги ва соқолини ечиб Хошхожий каби кўринишга ҳаракат қилган.
Саудия Арабистони 4 октябрь куни мазкур қотилликни расман рад этди. Саудия Арабистони консуллиги биз масалани халқаро оммавий ахборот воситаларининг кун тартибига қўйганимиздан кейингина консуллик биносини текширишимизга рухсат берди.
Мен 14 октябрда қирол Салмон бин Абдулазиз билан гаплашдим ва биргаликда тергов гуруҳини туздим. Бизнинг амалдорлар консуллик ва консулнинг яшаш жойига шу тарзда киришлари мумкин бўлди. Мен консулнинг позициясидан шикоят қилдим ва у Саудия ҳукумати томонидан чақириб олинди.
Саудия Арабистони қотилликдан 17 кун ўтгач, Хошхожийнинг консулликда ўлдирилганлигини тан олди. Мен қирол Салмон билан яна бир маротаба телефон орқали гаплашдим. Улар бизга 15 кишидан иборат жамоа вакиллари ҳибсга олинганини айтишди.
ОАВ орқали Туркиянинг обрўсини тушириш учун қилинган кампанияларни ким ўтказганини ҳам яхши биламиз.
Саудия консуллигининг дипломатик иммунитетга эга эканлиги унутилмаслиги керак, албатта. Аммо у бизнинг чегараларимиз ичидадир. Бундай қотилликдан биз у ерни текширишимиз керак эди.
Ҳозиргача келган маълумот ва далиллар Хошхожийнинг шафқатсиз қотиллик қурбони бўлганлигини кўрсатмоқда.
Саудия Арабистони қотилликни тан олиб муҳим қадам ташлади. Энди улардан қотилликда иштирок этган барча одамларни жазолашни кутамиз. Бизда қотиллик тасодифий эмас, қасддан уюштирилганини исботловчи асосли далиллар бор.
Нима учун бу 15 киши бир-бири билан Истанбулда қотиллик куни учрашган? Бунга уларни ким буюрган? Нима учун улар консуллик биносини текширишимизга дарҳол рухсат беришмади?
Барча жиноятчилар ва фитначилар жазоланиши керак.
Қирол Салмон бин Абдулазиз самимийлигига шубҳа қилмайман. Бироқ, бу сиёсий қотиллик бўлгани учун, уни мустақил равишда текшириш ва судни ўтказиш керак. Гумонланувчиларнинг бошқа мамлакатлардаги шериклари ҳам терговга киритилиши керак.
Саудия Арабистонига қўнғироқ қиламан: бу Истанбулда содир бўлди. Ушбу 18 гумондор устидан Истанбулда суд ўтказилишини таклиф қиламиз. Албатта, суднинг қаерда ўтказилиши Саудия ҳукумати томонидан ҳал қилинади”, деган Туркия президенти ўз нутқида.
Аввалроқ, Жамол Хошхожийнинг жасади Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонаси ичидаги қудуқдан бўлакланган ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эдик.