Қирғизистон 2005 йилда бўлган “лола инқилоби” туфайли Аскар Акаев ҳокимияти ағдарилган эди.
Қирғизистоннинг биринчи президенти Аскар Акаев 2005 йилда “Лола инқилоби” натижасида ҳокимиятдан кетиб, оиласи билан биргаликда мамлакатни тарк этган эди. Унинг куёви ва бошқа қариндошлари коррупцияда айбланиб, халқаро қидирувга берилганди.
Бугун, чоршанба куни Халқаро жиноят қидирув полицияси ташкилоти – Интерпол БАА ҳуқуқ-тартибот органлари билан олиб борган тезкор қидирув ишлари натижасида, Дубай шаҳри ҳудудида 1966 йилда туғилган Тойганбоев Одил Эркеневич ҳибсга олинди.
Қирғизистон ИИВнинг маълумотларига кўра, Тойганбоев 2005 йилдан бери мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилмоқда ва бир қатор жиноятларни содир этишда айбланмоқда. У Интерполнинг “қизил доираси”га киритилган бўлиб, бу жиноятчини дарҳол қўлга олиб, экстрадиция қилиш керак эканлигини англатади.