80 ёшли Жон Маккейн куз фасли бошида Вашингтонга қайтиб, яна ишини давом эттиришни мўлжаллаяпти.
1. Япония ва Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлари – Фумио Кисида ва Кан Гён Хва Шимолий Кореянинг “Хвасон-14” баллистик ракетасини учиргани ҳақида муҳокама ўтказдилар. Икки давлат Ташқи ишлар вазирлари бу ҳаракат БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси қоидаларини бузишини таъкидлаб, Пхеньянга қарши қатъий санкциялар қўлланилиши лозимлигини қайд этишди. Фумио Кисида ва Кан Гён Хва 7 август куни Манилада Жануби-Шарқий Осиё давлатлари Ассоциацияси йиғилиши вақтида илк марта расман учрашишлари кутилмоқда.
2. АҚШ президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка Трамп БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш билан норасмий учрашув ўтказди. Оқ уйдан хабар беришларича, Иванка Трамп ва Гутерреш маиший мавзуларда суҳбатлашишган. Иванка Трамп Бош котиб билан ўтказилган тушлик ҳақида ҳеч қандай фикр билдирмаган.
3. АҚШнинг Республикачилар партиясидан бўлган сенатор Жон Маккейнга бир неча кун аввал шифокорлар мия саратони ташҳиси қўйишган эди. Шу сабаб Маккейн даволаниш учун Аризона штатига қайтиб келган. Сенатор 31 июлдан бошлаб кимё терапияси муолажасини бошлайди. 80 ёшли Жон Маккейн куз фасли бошида Вашингтонга қайтиб, яна ишини давом эттиришни мўлжаллаяпти. Таъкидлаш керакки, шундай ҳасталикка чалинган яна бир сенатор Тед Кеннеди 2009 йилда вафот этган эди.
4. Буюк Британия, Германия, АҚШ ва Франция Эрон томонидан учирилган ракета юзасидан БМТга арз қилишлари ҳақида маълум қилишди. 4 мамлакатнинг таъкидлашича, Теҳрон 27 июль куни “Семурғ” ракетасини фазога учирган ва бу БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига зид ҳаракат деб баҳоланади. Эрон ОАВларида келтирилишича, ракета 250 килограммгача бўлган йўлдошни орбитага олиб чиқиши мумкин.
5. 28 июль куни Хельсинки марказида `Jaguar` русумли автомобиль йўловчиларни босиб кетди. Оқибатда 1 нафар Финляндия фуқароси вафот этди. Шунингдек, 2 нафар Россия, 1 нафар Эстония ва яна 1 нафар маҳаллий фуқаро жароҳат олиб, шифохонага жойлаштирилган. Полиция юз берган воқеани террорчилик ҳаракати эмаслигини таъкидлади. Маълум бўлишича, автомобиль ҳайдовчиси ширакайф бўлган.
Дурдона Расулова