...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қадимдаги қурбонликлар: удумми, урф­одатми ёки мавҳумликдан қўрқув исканжаси?


15:10, 29.09.2017 Бу қизиқ
 2 858

Хитойда император Цинь Шихуан Ди ўлимидан кейин у билан бирга 270 та саройдан келтирилган 3 мингга яқин канизак қўшиб дафн этилган.

Ер юзидаги турли халқларнинг ўзига хос маросимлари, удумлари, урф­одатлари мавжуд. Шулардан бири бирор сабаб билан қурбонлик келтириш, оддий қилиб айтганда, қон чиқаришдир...
 
Бу удумларнинг илдизи қадим замонларга бориб тақалади. У турли халқларда турлича йўсинда амалга оширилган. Қурбонлик, аслида “инъом этиш” демакдир.
 
Масалан, қурбонлик келтириш — бирор нарса учун миннатдорлик билдириш ёки илтимос, аниқроғи сўраш маъносида бўлиши мумкин. Айтайлик, инсонга берилган неъматлар, имтиёзларга шукроналик сифатида, ёки ҳосил мўл­кўл бўлишини, ҳаётидаги хавф­хатар йўқ бўлишини сўраб қурбонлик келтиришади.

Қадимда айрим халқларда ҳатто инсонларни ҳам қурбонлик қилишган. Бунинг аянчли асоратлари шу кеча-кундузда ҳам маълум. Аниқроғи, бироз олдинроқ қурғоқчиликдан қутилиш учун болаларни “қурбонлик” қилган жиноятчилар ҳақидаги хабарни эътиборингизга ҳавола этган эдик.

Одамларни қурбонлик қилиш ҳозирда барча динларда тақиқланган. Қурбонликка оид удумлар гўшти истеъмол қилинадиган ҳайвонлар билан “тўлдирилган”. Бироқ қадим замонларда қабилалар жодугар ва сеҳргарларга эргашиб, оддий воқеа-ҳодисаларга нисбатан ҳам қурбонликлардан “ечим” ва “паноҳ” излашган.
 
Айрим халқлар тўй олдидан, янги уй қуриш, ҳатто жангдан аввал ҳам қурбонлик келтиришган экан. Ғалатилиги шундаки, ўша қадим замонларда ҳар қандай кишини эмас, бақувват, таниқли, бой ва чиройли одамлар қурбонлик қилинган. Кўпинча эса бундай ҳолатлар учун болалардан фойдаланилган...
 
Масалан, Перуда инк қабиласидагилар касал бўлиб қолса, ўғлини худо йўлига қурбонликка бериши мумкин бўлган. Бунинг учун ҳатто жиноятчилар, қуллар ва асирларни қурбонликка берилган.
 
Айрим халқларда эса ҳукмдор вафотидан сўнг — нариги дунёда унга хизмат қилиши лозим деб топилган одамлар ҳам жасад билан бирга қабрга кўмилган.
 
Масалан, Хитойда император Цинь Шихуан Ди ўлимидан кейин у билан бирга 270 та саройдан 3 мингга яқин канизак дафн этилган. Жанубий ва ғарбий славянлар халқлари эса қадимда бой аъёнлар билан унинг отларини, ҳатто хотини ва қулларини ҳам қўшиб кўмишган.
 
Шимолий Ҳиндистондаги айрим табақага мансуб оилаларда бева қолган хотинни марҳум эри билан қўшиб ёқиш одати ҳанузгача учраб туради.
 
Уруш олдидан ҳам қурбонлик қилиш, қон чиқариш русм бўлган. Масалан, майя қабиласи ҳукмдорлари ва уларнинг хотинлари жанг олдидан ўз таналарининг айрим жойларини кесиб қон чиқаришган.
 
Агар жанг ғалаба билан тугаса, мағлуб бўлганлар худо йўлига қурбонлик қилиб ўлдирилган. Мазкур қабила зодагонлари ёнларида қалин ип олиб юришган. Унинг ҳар-ҳар жойи тугилиб, бу қурбонлик қилинган одамлар сонини билдирган.
 
Қадимда мексика қабилалари ашаддий урушқоқ бўлганликларидан кўпинча қурбонлик қилинадиган асирлар тугаб қолгани учунгина янги ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборишган. Улар қурбонлик қилинадиган асирларни аввалига роса боқишган, чунки бу маросимга арзирли қурбонлик қилиш керак, деб ҳисобланган.
 
Испан ҳукмдори Кортес ўз жангчилари билан Мексикани забт этиш учун кетаётиб йўл-йўлакай йирик акцет ибодатхоналаридан бирига бориб, катта тош устида бир неча одамни ётқизиб қурбонлик келтиришган.
 
Акцетлар бўлажак жангдаги ғалаба йўлигагина қурбонлик қилишмаган. Улар Ер илоҳи Тласо-теотл шарафига унинг байрами куни битта қизни ўлдириб, маросим ўтказган.
 
Қуёш худоси Тепкатликоп учун эса қурбонлик қилинадиган одамни анча олдиндан танлаб олишган. Энг кучли, келишган асирни танлашиб улуғлашган, бир йил давомида унинг ҳамма истагини бажаришган.
 
Қуёш худоси байрамига бир ой қолганда бўлажак қурбон ихтиёрига тўрт нафар чиройли қиз берилган. Байрам куни эса уни ибодатхонага келтиришиб, катта тош устига ётқизишган ва юрагини Тепкатликонга “тақдим” қилишган.
 
Ҳозирда ҳам дунё халқлари турли кўринишларда қурбонлик қилишади. Лекин, эндиликда бу бирор ҳайвонни сўйиш, пишириқлар тайёрлаш орқали амалга оширилади.
 
Масалан, Европа халқлари уй қурилиши олдидан кўпинча шундай қилишади. Одамлар қадимдан агар қурилиш учун қурбонлик қилишмаса, уйда кимдир албатта ўлади, уй эса ағнаб қулайди, деб ишонишган. Шу боис янги қурилган уйга аввал бирорта ҳайвонни, масалан мушук ёки хўрозни киритишган ва уни қурбонликка бағишлаган.
 
Европаликлар янги уйга киришдан бир кун олдин руҳлар учун идишга овқат ва сут қўйиб кетишган. Агар бирор одам ўрмонда адашиб қолса, зиён етказмасин деб ўрмон илоҳи учун ҳар ярим йилда бир марта дарахтга нон боғлаб кетишган.
 
Сув парилари одамлар чўмилганда чалиб кетмасин деб кўлга бир қултим шароб қуйишган. Ҳосил мўл-кўл бўлсин деб сувчига нон-туз беришади. Чақалоқ туғилгандан тунда келиб унинг тақдирини белгилаб пешонасига “ёзиб” кетадиган илоҳ учун беланчак тепасига учта нон, учта идишда мусаллас ва уч дона қанди қўйиб кетишаркан.
 
Агар уйда кимдир касал бўлиб қолса, битта нон юзига асал суриб “қаердан келган бўлсанг ҳам чиқ, чиқ, касални тинч қўй” деб айтишаркан. Сўнг эрталаб ўша нонни бирор жонивор еб кетсин деб уйдан узоқроқ жойга олиб бориб қўйишади.
 
Бора-бора қуёш, ой, муқаддас жойлар учун қурбонлик қилиш кейинчалик оддий инъомга айланган. Масалан, қон чиқариш ўрнига мева-чева, овқат, гул қўйиш одат тусига кирди. Айтайлик, ўтганлар руҳига деб, ёки касаллик узоқ кетсин, дея бирор егулик тайёрлашган ва ҳакозо.
 
Умуман олганда иррационал, ғайритабиий фикрлаш, ўзи кўриб билмаган руҳлар оламига ишониш одамларга хос нарса. Аслида оламнинг сирлилиги ҳам шундадир.
 
Қадимда қабила вакиллари ўзлари тушунмаган-билмаган нарсаларини илоҳийлаштиравергани, бунинг ортидан ўзлари ҳам, бошқалар ҳам азият чекишгани аниқ.
 
Яратганга шукр, қурбонлик масалалари ҳозирда диний қадриятлар билан ўз тартибини, маъно-мантиғини топган. Замонавий инсонлар учун қурбонлик қилишнинг энг мақбул йўли — бу яхшилик қилишдир.
 
Беморнинг холидан хабар олиш, етим-есирларнинг бошнини силаш, халққа нафи тегадиган саҳоватли ишларни амалга ошириш каби “қурбонликлар” — қадимги аждодларимиз онгини “чалкаштирган” нотўғри тушунчаларни енггани рост.
 
Юқорида келтирилган маълумотларга эътиборингизни қаратишдан мақсад ягона, ҳар бир хатти-ҳаракат асосида, унинг асл маъно-мантиғи замирида  —  яхшилик ва эзгулик бўлиши лозимлигини уқтириш.
Улуғ БЕК

Теглар:Қадимдаги қурбонликлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!