Украина раҳбари Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклаб, уни Украинага таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан Украина Президенти Пётр Порошенко ҳам табрикнома йўллади.
“Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида муваффақиятли амалга оширилаётган ислоҳотлар мустақил Ўзбекистон тараққиётида янги босқич бўлади. Давлатни изчиллик билан модернизация қилиш мамлакатингизнинг халқаро обрўсини янада мустаҳкамлаш ва меҳнаткаш халқингиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда”, деб ёзади Порошенко.
“Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги амалий мулоқотни жадал ривожлантиришга ҳар икки томоннинг тайёр экани халқларимиз фаровонлиги йўлида дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади. Фурсатдан фойдаланиб, ўзингизга қулай вақтда Украинага ташриф буюришингизни таклиф этаман”, деб мактубига якун ясайди Украина раҳбари.