МРБ раҳбари Россиянинг АҚШ хавфсизлиги учун асосий таҳдид деб баҳоланиши бежиз эмаслигини таъкидлади.
Бугун, 12 апрель куни Марказий разведка бошқармаси директори Майк Помпео Конгрессдаги чиқишида “Россияга нисбатан “юмшоқ сиёсат” даври ўтди”, деб таъкидлади.
“Россия агрессиясига нисбатан кўп йиллардан бери “юмшоқ сиёсат” олиб борилгани сабабли, у шу тарзда ҳаракатланишни давом эттирмоқда”, деб ёзилган Помпеонинг ёзма кўрсатмасида.
Унинг таъкидлашича, расмий Вашингтонда Москвага қарши қатор чоралар рўйхати мавжуд. Помпео санкциялар, дипломатларни чиқариб юбориш, америка армиясини кучайтириш, шунингдек, Украина ва Грузиядаги Россияга қарши жасур ёшларни қуроллантиришни шулар қаторига киритди. Бу ҳақда РИА Новости ҳабар бермоқда.
Охирги вақтларда Россия ва АҚШ муносабатлари кескинлашиб кетди. Расмий Вашингтон Москвани америкадаги сайловларга аралашувда, шунингдек, Давлат разведка бошқармасининг собиқ ҳодими Сергей Скрипаль ва унинг қизини заҳарлашда айбламоқда. Ҳозирча ҳеч бир далил тақдим қилганича йўқ. Ўз навбатида расмий Москва айбловларни инкор қилмоқда.
Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги муносабатлар Суриянинг Дума шаҳрида ҳукуматнинг кимёвий қурол қўллагани ҳақидаги хабарлар сабаб янада ёмонлашди.
Аввалроқ, жорий йил 8 апрель куни Суриянинг Дума шаҳрида 70 киши газ билан заҳарланишдан ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.