Эндиликда ташкилот Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси деб номланади.
Маълум қилинишича, ривожланишнинг янги босқичига қадам қўяётган ташкилот ўз низомини қайта кўриб чиқиб, унда белгиланган мақсад ва вазифаларига ўзгартиришлар киритган ҳамда фаолият кўламини янада кенгайтирган.
6 август куни федерация янги ном билан Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Ташкилотга Ўзбекистонда электрон ўйинлар, компьютер спорти ва киберфутболни ривожлантириш ҳамда республика ҳудудида турнирларни ташкил этиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, федерация ушбу йўналишдаги мураббий ва киберспортчиларни тайёрлаш бўйича ҳам ваколатли муассаса сифатида белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси фаолияти давомида Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг виртуал спорт турларига оид қарорлари ижросини таъминлашда фаол иштирок этади.
Яна бир неча кундан сўнг Индонезияда бошланадиган Осиё ўйинларида электрон спорт йўналиши бўйича мусобақа тажриба-синов тариқасида илк марта ўтказилади. Унда Электрон компьютер спорти федерацияси аъзоси, Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси кибератлети Санжар Усмонов Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Маълумот учун, 2022 йилги Осиё ўйинларида киберспорт расман мусобақа дастуридан ўрин олади ва унда киберспортчилар медаллар учун кураш олиб борадилар. Шунингдек, Яқин йиллар ичида эса спортнинг бу тури Олимпиада дастурига ҳам киритилиши мумкин.