...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда туғилган рекордчи космонавт 75 ёшга кирди


20:22, 13.05.2017 Олам
 4 988

Тошкентдаги Космонавтлар метроси ёнида айнан мана шу инсоннинг бюсти ўрнатилган.

Учувчи космонавт собиқ иттифоқнинг икки карра қаҳрамони Владимир Жонибеков 75 ёшини нишонламоқда.
 
Тошкентдаги Космонавтлар метроси ёнида айнан мана шу инсоннинг бюсти ўрнатилган. Асли Бўстонлиқда туғилган учувчи космонавт, собиқ иттифоқнинг икки карра қаҳрамони Владимир Жонибеков бугун 75 ёшини  нишонламоқда.
 
Дўстлари Жон деб аташган космонавт собиқ иттифоқда энг кўп парвоз қилган космонавт, орбитада беш марта парвоз қилган ва ҳар гал экипаж командири бўлган. Авиация генерал-майори Владимир Жонибеков очиқ космосда 8 соату 34 дақиқа бўлган ва 30 йил давомида бу рекорд янгиланмаган.
 
Жонибековнинг 1985 йил июль ойида амалга оширган бешинчи парвози дунё космонавтикаси тарихидаги энг хавфли ва қийин парвоз бўлган. Бутун Ер шарини бошқаролмай қолган “Салют 7” станциясини қулаш хавфидан қутқариш учун космик экспедиция старт олган.
 
Владимир Жонибеков ва Виктор Савиных “Союз Т-13” кемасини бошқариб бўлмайдиган объект билан қўл режимида туташтиришган.
 
Бундай мураккаб жараённи бажариб бўлганларидан кейин космонавтларнинг қийинчиликлари тугамади. Станция бортида минус ҳарорат тургани аниқланди, баклардаги сув музлаб қолган, аккумулятор батареялари қувватсизланган.  Ҳаётни таъминлаш тизими ишдан чиққан, космонавтлар чиқараётган карбонат ангидрид гази йиғилиб бораверган. Экипаж аъзолари ўзига хос нафас машқларини бажаришга мажбур бўлганлар.
 
Жонибеков ва Савиних двигателлар ёрдамида “Салют” станциясининг батареяларини Қуёшга қаратиб, аккумуляторларни қувватлантиришга эришганлар. Бироздан кейин станция блокида электр қуввати пайдо бўлган, асбоблар ишлаб кетган, ҳарорат кўтарила бошлаган.
 
Бу вақтда космонавтлар ортиқча сувни олиб ташлаганлар, чунки у қисқа туташувга олиб келиши мумкин эди. Шу тариқа космонавтлар ишдан чиққан “Салют-7” станциясини иш ҳолатига келтириб, унинг бортида экспедицияни давом эттиришни таъминлаганлар.
Акмал Эшонхонов

Теглар:Владимир Жонибеков 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!