Шавкат Мирзиёев ўтган йили Ўзбекистон ижодкорлар зиёлилари билан ўтказган учрашувида Ўзбекистон халқ артистларига мусиқа мактаблари ва коллежларга директор бўлишни таклиф қилган эди.
“Qalampir.uz” манбаси етказган хабарга кўра, Тошкент шаҳар Маданият бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Исмияминова жорий йилнинг 1 июнидан эътиборан жамоатчилик асосида Миробод туманидаги 22-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори лавозимини эгаллаган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳом Фармонов ҳам 1 июндан эътиборан Сергели туманидаги 21-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби директорлигига тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон ижодкорлар зиёлилари билан ўтказган учрашувида Ўзбекистон халқ артистларига мусиқа мактаблари ва коллежларга директор бўлишни таклиф қилган эди.
“Мана, даврамизда Ғуломжон Ёқубов, Фаррух Зокиров, Ортиқ Отажонов, Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Намозов, Зулайҳо Бойхонова, Озодбек Назарбеков, Ғафур ва Ғулом Эшжоновлар, Гулсанам Мамазоитова каби Халқ артистлари ўтирибди. Сизларнинг ҳар бирингиз биттадан санъат коллежи ёки мусиқа мактабига бориб раҳбарлик қилсангиз, мен ўйлайманки, бундан санъатимиз фақат ютган бўлар эди. Айни вақтда юзлаб шогирдлар етиштириб, ўзингизга ҳайкал қўйган бўлардингиз”, деган эди давлат раҳбари.
Ўтган вақт оралиғида номлари қайд этилганлар директорлик лавозимини эгаллагани йўқ. Аксинча, бу масъулиятли иш Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳом Фармонов ва Дилноза Исмияминовага топширилди.