Бутун “Миллий” стадионда Халқаро Олимпия куни нишонланмоқда.
Бутун, 23 июнь куни эрта тонгдан бошлаб Тошкентдаги “Миллий” стадионида Халқаро Олимпия куни байрами кўтаринки кайфиятда ташкил қилинди. 1600 нафарга яқин ҳаваскор спортчиларни қамраб олган югуриш марафони байрамона рухда бўлиб ўтди. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиқган Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов бугунги сана билан барчани табриклади.
“Олимпия куни бутун жаҳон бўйлаб ўтказилмоқда. Бу йил ушбу байрам 70-маротаба нишонланмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, спорт аҳлини ушбу сана билан муборакбод этаман. Югуриш марафонларида иштирок этадиган барчага омад тилайман. Беллашувларда кучлилар ғалаба қозонсин”, деди Жасур Матчанов.
Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янграгандан сўнг баҳсларга старт берилди. Баҳслар турли ёш тоифаларида, эркаклар ва аёллар ўртасида бўлиб ўтди. Ҳар бир йўналиш бўйича кучли учликка кирган спортчилар Миллий олимпия қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шу тариқа Олимпия кунининг кундузги қисми якунига етди. Энди бизни кечки пайт, 18:00да бошланадиган катта спорт байрами кутиб турибди. “Миллий” стадионда ташкил қилинадиган футбол шоу тантанасида Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари, эстрада юлдузлари ва кино ва театр актёрлари иштирок этади.
“Бир сўз билан айтганда йирик тадбирда санъат ва спорт уйғунлигига гувоҳ бўламиз. Байрамни биз билан бирга қарши олинг”, дея мурожаат йўллади МОҚ Матбуот котиби Зафар Имомхўжаев.