ОФКнинг ҳакамлар учун махсус соврини ўзбекистонлик ФИФА реферисига топширилди.
Маросимда бир қатор совринлар эгаларига топширилди.
Жумладан, Осиёнинг энг яхши футболчиси сифатида суриялик Умар Харбин эътироф этилган бўлса, энг яхши аёл футболчи сифатида австралиялик Саманта Керр тан олинди.
Энг яхши ёш футболчи номинациясида Корея Республикаси вакили Ли Сёнг Ву ғолиб дея топилди.
Бундан ташқари Англиянинг “Тоттенхэм” клуби ҳужумчиси Сон Хён Мин Осиёнинг халқаро майдондаги энг яхши футболчиси соврини билан тақдирланди.
Шунингдек, ОФКнинг ҳакамлар учун махсус соврини ўзбекистонлик ФИФА рефериси, пляж футболи ҳаками Бахтиёр Намозовга топширилди.
Бахтиёр Намозов шу йилнинг 27 апрель – 7 май кунлари Багама оролларида бўлиб ўтган Пляж футболи бўйича Жаҳон чемпионатида қатнашиб, мусобақада Бразилия ва Таити терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган финал учрашувини бош ҳакам сифатида бошқариб борганди.
Таъкидлаш жоизки, шу пайтга қадар пляж футболи тарихида Жаҳон чемпионати финалларида осиёлик ҳакамлар ишлашмаган.
Ўзбекистонлик ҳакам Бахтиёр Намозов эса бу борада ҳамкасбларидан биринчи бўлди.