...
МЕНЮ
ONLINE TV

Олимлар: 25 йилдан сўнг ер юзида чучук сув тугайди


12:08, 04.05.2016 Олам
 5 424

Глобал қурғоқчилик инсониятни емириб бормоқда

Ҳалқаро сув ресурсларини бошқариш институти мутахассислари 25 йилдан сўнг Ер юзида чучук сув батамом тугаши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Улар қатор маълумотларни таҳлил қилиб, дунё бўйича чучук сувнинг сарф қилиниши борасидаги ҳисоботларга асосланган ҳолда фикр билдиришмоқда. Олимларнинг айтишича ичимлик сувини тобора камайиб бораётгани ер юзида инсонлар кўпайиб бораётгани билан чамбарчас боғлиқ.  
 
Бугун сайёрамиздаги одамлар сони 7 миллиарддан ошган. Ҳар йили эса ер юзидаги умумий аҳоли сони 83 миллион кишига ортади. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили чучук сувга бўлган эҳтиёж 64 миллион кубометрни ташкил қилмоқда. Бироқ бу кўрсаткич кун сайин ортиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат.
 
Ер сайёрасидаги аҳоли сони уч баробар кўпайган вақтда, уларнинг чучук сувга бўлган эҳтиёжи 17 баробарга ортди. 20 йилдан сўнг, чучук сувга бўлган талаб яна 3 баробар кўп миқдорга ошиши мумкин.
 


Айтиш лозимки, бугунги кунда сайёрамиздаги ҳар олтинчи киши чучук сувга эҳтиёж сезади. Шу билан бирга чанқоғи босилмаётган инсонлар сони ортиб бормоқда.
 
Статистик маълумотлар қараганда, ердаги аҳолининг бешдан бир фоизи ичимлик суви етишмовчилиги мавжуд бўлган ҳудудларда истиқомат қилади. Аҳолининг чорак қисми эса чучук сувни йиғиш ва одамларга етказиш борасидаги инфратузилмалар етарли бўлмаган, ривожланаётган мамлакатларда яшашади. Шу сабабли ҳам ичимлик сувининг танқислиги муаммоси, ҳатто, ёғингарчилик кўп бўладиган ва йирик чучук сув заҳирасига эга бўлган ҳудудларда ҳам мавжуд.
 


Афсуски, ана шу йирик чучук сув заҳиралари кундан-кунга камайиб бормоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, 10 йилдан сўнг сайёрамиздаги давлатларнинг тенг ярми ичимлик суви танқислигини сеза бошлайди. XXI асрнинг ярмига келиб эса, Ер сайёраси аҳолисининг ярми сувизликдан нобуд бўла бошлайди.
 
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, 2030 йилга келиб, сайёрадаги жами аҳолининг 50 фоизи ҳар куни ичимлик суви танқислиги сабаб ўлим билан юзма-юз келишига тўғри келади.  2050 йилга келиб, ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга эга бўлган давлатлар сони кескин ортади.
 
Африканинг ўзида 2020 йилда иқлим ўзгаришлари туфайли 75-250 миллион киши ичимлик сувисиз қолиши мумкин. Ўз ўрнида саҳро ва ярим саҳро ҳудудлардаги аҳоли бошқа жойларга кўчиб ўта бошлашади. Экспертларнинг тахмин қилишларича, ўз ҳудудида чуқур жойлашган 24-700 миллион киши намлик илинжида “изланиш” олиб боришади. Тахминларга кўра, улар шимолга қараб юришади ва Европага, балки ундан ҳам узоқроққа боришади.

Иқлимшуносларнинг айтишага қараганда, ҳарбийларнинг турли давлатларда ичимлик сувини излаб топиши борасидаги фильм сюжетлари бора-бора ҳақиқатга айланиши мумкин. Айни вақтда Миср, Тунис, Ливия, Сурия ва Яқин Шарқ мамлакатларида ёғингарчилик тобора камайиб, қурғоқчилик бошланмоқда.
 
Ачинарлиси шундаки, кўплаб мамлакатларда йиллаб кузатилмайдиган ёғингарчилик аҳолининг яшаш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, чанқоқ ва организмнинг сувсизланиши уларда руҳий касалликларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга чучук сув етишмовчилиги сабаб турли урушлар ва террористик актларнинг содир этилиши ҳолатлари кўпаймоқда.
 
Россияни сувсизлик муаммоси Осиё ва Африка давлатлари каби ташвишлантирмайди. Бу мамлакат сув ресурслари бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Бироқ ичимлик сувининг ўз вақтида етказиб берилмаслиги билан боғлиқ муаммолар Россиянинг кўплаб худудларида мавжуд эканини айтиб ўтиш керак. Дарвоқе, халқаро сув заҳирасининг тўртдан бир қисми ҳам айнан Байкал кўлидадир.
 
Дунёнинг кўплаб экспертлари келажак ўн йилликда Россия ҳудудида ноёб Байкал кўлидаги сувни ўзлаштиришга бўлган кураш бошланаши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Бироқ тарих Байкал кўли жойлашган ҳудудларни Россия қарамоғига топширган экан, демак бу бежизга эмас. Бу нафақат кўлга эгалик қилиш, балки уни ҳимоя қилиш ҳам Россиянинг зиммасида эканини билдиради.
 
Ҳар бир инсон кундалик турмушда қанча сув сарф этаётгани, сувдан қандай фойдаланаётгани, исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани ҳақида фикр қилиши ва шунга кўра, ўзи яшаб турган ҳудудда беминнат оқиб турган ичимлик сувининг ҳар бир томчисини асрашга ҳаракат қилиши лозим. Ахир дунёда куннинг тўртдан уч қисмини тупроқ, қум ва чиқиндилар остидан сув излаб топишга сарф этадиган, аммо кун сўнгида чанқоғи босилмай уйқуга кетадиган инсонлар сони камми? 
Умида Якубова

Теглар:чучук сув Глобал қурғоқчилик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!