Юк ташувчи автомобиль ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Сайфулла Соипов қўшма штатларга 2010 йилда келгани маълум қилинган.
Пикап велойўлакка чиқиб кетгач, мактаб автобуси билан тўқнашган ва шундан кейингина тўхтаган. Полиция воқеани теракт деб баҳолади. Уни содир этганликда гумон қилинган шахс қўлга олинди.
Айрим манбаларда қайд этилишича, машина ичидан тушган киши “Аллоҳу Акбар!” дея бақирган ва ўқотар қурол билан таҳдид қилган. Аммо полициячилар унга ўқ узишган ва у қорнидан жароҳат олиб, қўлга олинган.
Турли манбаларнинг хабарига кўра, воқеа сабаб 10 дан зиёд киши яраланган. Қурбонларнинг 5 нафари Аргентина фуқаролари бўлишган.
Нью-Йорк полицияси вакили пикап ҳайдовчиси 29 ёшли эркак эканлигини ва у пейнтбол ўйнашга мўлжалланган қурол билан қуролланганини маълум қилди. Гумон қилинаётган шахс ўзбекистонлик бўлиб, исми Сайфулла Соипов. У Флорида штатидан бўлган.
Маълумотларга кўра, Сайфулла Соипов қўшма штатларга 2010 йилда келган. Терговчилар унинг бир муддат Нью-Жерсида яшаганлигини аниқлашди.
Сайфулла Соиповнинг дўсти Қобилжон Маткаров ҳам сўроқ қилинди. Маълумотларга қараганда, улар 5 йил аввал Флоридада яшаган вақтларида яқин танишлар бўлишган. Аммо Маткаров ўзини террорчи эмаслигини кўп бора таъкидлаган.
“Сайфулло жуда қувноқ йигит эди. У рафиқаси ва фарзандлари билан АҚШда яшаётганидан бахтли эди. У юк ташувчи автомобиль ҳайдовчиси эди”, дейди Қобил Маткаров.
Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.