Декабрь ойи сўнггида милиция ходимлари тортиб олмоқчи бўлган аёлнинг қизи шу вақтгача шифохонада бўлиб турибди.
Маълумотларга кўра, исми Нилуфар Мамасаидова бўлган аёл андижонлик бўлиб, 2 йилдан бери Москва шаҳрида яшаб келмоқда. Унинг бир ёшли қизи ҳам бор. Бироқ қизча ҳужжатлари йўқлиги сабабли аёл яшаган туманнинг ички ишлар бўлинмаси томонидан тортиб олинган.
Нилуфар Мамасаидованинг қизи Россия ҳудудида дунёга келган. Бир йил аввал унинг турмуш ўртоғи Россиядан депорт қилинган, лекин аёл қўлида гўдак билан ўзга мамлакатда қолиб кетган. Аниқланишича, аёлнинг оила аъзолари уни Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш учун молиявий муаммоларга дуч келишган.
Аёлга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган Баҳром Исмоиловнинг айтишича, декабрь ойи охирида милиция ходимлари Нилуфар Мамасаидова яшайдиган уйга келишган ва унинг ҳужжатлари йўқлиги сабабли 1 ёшли қизини тортиб олишган, аёлни эса 3 сутка мобайнида ҳибсда ушлаб туришган.
Россия нашрларида чоп этилган кейинги хабарларда қизалоқнинг тоби йўқлиги, яъни тана ҳароратининг юқори бўлганлиги сабабли милиция ходимлари аёлнинг фарзандини олиб қўймаганлиги хабар қилинган. Аёл яшаган Кунцево тумани ички ишлар бўлинмаси ходимлари қизалоқ учун тез ёрдам хизматини чақиришган. Бир неча кун юқори тана ҳарорати кузатилган қизалоқ 1-шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига етказилган.
Бу воқеа ҳақида хабар топган Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси аёлга ёрдам бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Маълумотларга қараганда, элчихона вакиллари Россия ҳукумат вакиллари, ички ишлар органлари ходимлари билан алоқага чиқишган ва вазият юзасидан муҳокамалар олиб бориляпти. Шунингдек, Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Нилуфар Мамасаидова билан учрашган ва унга вақтинчалик ҳужжатлар тайёрлаб беришган.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.