Эркакларникига нисбатан аёлларнинг мия оғирлиги тахминан 14% га енгил, бироқ ҳажми деярли бир хил. Бу аёлларда мия тўқималари зич жойлашганидан далолат беради.
Инсон нутқи — мўъжиза эканлиги, нутқ талаффузи орқали юзлаб руҳий ҳолатимизни ифодалай олишимиз ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдингиз.
Эслаб қолиш қобилиятимиз “хотира тарозисида” тортилса, кимдир исмларни, ким эса рақамларни, айримлар юз тузилишини, баъзилар овозни, бошқалар эса воқеа жойини нисбатан яхшироқ хотирасида сақлай олиши ҳақида олдинги туркум мақолаларимиз орқали танишсиз.
Навбат, хотира ва мия ҳужайралари фаолиятидаги қизиқарли фактларга:
- шифокорларнинг таъкидлашича, ҳаёт давомида киши қанча кўп ўйласа, қанча кўп мия ҳужайраларини ишга солса, кексаликда шунча соғлом ва бақувват бўлар экан;
- мия асаб толалари орқали тана тўқималарига 288 км/соат тезлик билан буйруқ беради;
- 1 секунд давомида одам миясида 100 000 кимёвий реакциялар содир бўлади;
- одам боласи туғилганда мияси 14 миллиард ҳужайрадан таркиб топган бўлади. Ҳаёти давомида унинг сони кўпаймайди, ҳатто 25 ёшдан сўнг кунига 100 минг ҳужайра камаяди. Матн ўқиш учун сарфланган ҳар бир дақиқа давомида 70 га яқин ҳужайра нобут бўлади;
- 2 ёшдан 7 ёшгача мия ҳужайраларининг фаолияти ўзининг чўққисига чиқади;
- кишининг мияси бир кун давомида сонсаноқсиз электр импульсларини узатади ва қабул қилади. Бу дунёдаги барча мобил телефон тармоқларидаги жараёнидан бир неча баробар кўп;
- киши бир вақтнинг ўзида 5 тадан 9 тагача объектни хотира назоратида ушлаб туриши мумкин. Агар объектлар умумлаштириб, гуруҳ сифатида ёдда тутилса, бу кўрсатгич яна бир нечтага ошади;
- мия ҳужайраларининг доимий фаолияти кўпгина касалликларни (масалан, Альцгеймер синдроми) вужудга келишига тўсқинлик қилади. Мия фаолиятининг доимийлиги танада ортиқча (зарарли) ҳужайраларнинг тўпланишини олдини олади;
- миянинг 75% и сувдан иборат;
- эркакларникига нисбатан аёлларнинг мия оғирлиги тахминан 14% га енгил, бироқ ҳажми деярли бир хил. Бу — аёлларда мия тўқималари зич жойлашганидан далолат беради. Соддароқ қилиб айтганда, аёллар эркаклардан фарқли ўлароқ бирор фикрга ёки қарорга келишида бирмунча кўпроқ ўйлайдилар;
- кишининг уйқудан турган заҳоти фикрлаш қобилияти ўртача сарҳушлик ва уйқусизлик тундан кейинги ҳолатларга нисбатан бирмунча паст;
- одам мияси ўртача 1,4 килограмм оғирликка тенг;
- миянинг эшитиш зонаси — аёлларникига нисбатан эркакларнинг овозини таҳлил қилиши осон кечади. Негаки, аёллар овозининг товуш тебраниши эркакларникига нисбатан бироз кенгроқ экан. Аёллар овози мияда таҳлил этилаётганда қўшимча заҳирадан фойдаланишга тўғри келаркан.
Азиз мухлислар, туркумнинг мазкур мавзуга тааллуқли бошқа маълумотлари билан танишишни истасангиз, 1-, 2-, 3- ва 4- ўнталикларга бўлиб, сиз билиб-билмаган 40 та қизиқарли фактлар эълон қилинган мақолалар билан танишинг.