“Озиш” операцияси вақтида журналист аёлларнинг маоши тўлиқ тўланади ва бу жараён ҳужжатлаштирилмайди.
Гап шундаки, телебошловчиларга озиш учун бир ой муҳлат берилди. Шу вақт ичида улар имкон қадар кўпроқ вазн йўқотишга ҳаракат қилишлари лозим. Уларга кўринишлари рисоладагидек бўлганидан кейин эфирга чиқишга рухсат берилади.
ERTU директори Сафаа Хагези ҳам ушбу лавозимга тайинланишидан аввал, телебошловчи бўлиб ишлаган. Телебошловчиларни айнан ортиқча вазн туфайли эфирга қўймаслик фикри ундан чиққан. Бироқ 8 нафар телебошловчининг ишдан вақтинча четлаштирилиши, кўпчиликнинг фикрича, Миср конституциясига тўғри келмайди. Шунингдек, уларга ён босаётган томошабинларнинг таъкидлашларига қараганда, аёлларни иш жойларини сақлаб қолишлари учун озишга мажбур қилиш – зўрлик кўрсатиш.
Ишдан вақтинчалик четлаштирилган телебошловчилардан бири Хадижа Хаттаб томошабинлардан ўзи иштирок этган сўнгги кўрсатувларни тамоша қилишларини ва унинг кўриишига баҳо беришларини сўраган. У оммага “Мен ҳақиқатан ҳам семириб кетаяпманми, телерадиокомпания бу қарори тўғрими?”, деб мурожаат қилган. Бошқа телебошловчи аёл эса, бундай муаммолар компаниянинг ички иши бўлиши ва ходимлар орасида ўзаро ҳал қилиниши кераклигини, ТВнинг бу талаби нафақат телебошловчи аёлларни, балки уларнинг оила аъзоларини ҳам ранжитганини айтган.
Гарчи ишдан четлаштирилган 8 нафар телебошловчи ва уларнинг мухлислари телекомпаниянинг бу қарорини танқид қилаётган бўлсада, ERTU қарор ўз кучида қолишини ва у бекор қилинмаслигини айтмоқда. Компания маъмуриятининг маълум қилишича, озиш учун берилган бир ой муҳлат давомида ҳам уларга маош тўланади.
ERTUнинг қарорини журналистларнинг бир қисми танқид қилмоқда. Журналист Саид Хегази компаниянинг қарорига нисбатан қуйидаги фикрларни билдирган:
“Менга Мисрда вазни меъёрда бўлган кишини кўрсата оласизми? Тўғри, телебошловчининг вазни бироз кўпроқдир, бироқ унинг нутқи равон, ҳар бир сўзини билим, салоҳияти ва ўзига бўлган ишончидан келиб чиқиб айтади. Энг муҳими мана шу”.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг аксарияти эса ERTU’нинг қарорини тўғри деб билмоқда.
Бир ой ичида “рисоладагидек” озиш жуда мушкул. Жаҳон стандартлари ва бу телебошловчиларнинг ёшидан келиб чиққан ҳолда шуни таъкидлаш ўринлики, улар компаниянинг талабини бажариши учун камида 6 ой вақт кетади. Телерадиокомпания эса буни ҳисобга олмаётган кўринади.