Алишер Навоий кино саройида режиссёр Дурдона Тўлаганованинг "Мени кечир" номли янги фильми премьераси бўлиб ўтди.
Фильмда ролларни Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров, қизиқчи Тўхтамурод Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулчеҳра Саъдуллаева, Муяссар Бердиқулова, актрисалар Шаҳзода Муҳаммедова, Муқаддас Саъдуллаева, хонанда Али Отажонов ижро этишган.
Бу картинада ҳам ўзбек фильмларида мумтоз мавзуга айланиб улгурган қайнона-келин муносабатлари ҳақида сўз боради. Бугун жамиятимизда учраб турадиган баъзи муаммолар, оилавий масалалар, қайнона-келин ўртасидаги муомала ва оилада эркак кишининг ўрни йўқолиб бораётгани, арзимас сабабларни деб ёш оилаларнинг ажрашишгача бориб етиши, болалар етим қолиши, катталарнинг бу вазиятда томошабин бўлиб туриши, ёшларни йўлга солиш ўрнига, уларни “қўллаб-қувватлаши” фильмда ўз ифодасини топган.
Кўп йиллик тажрибага эга актёрлар Элёр Носиров, Тўхтамурод Азизов, Гулчеҳра Саъдуллаева, Муяссар Бердиқулова фильмнинг асосий муваффақиятини ташкил этяпти, десак муболаға бўлмайди. Дарвоқе, бу ўринда сценарист ва режиссёрнинг диалоглар орасидаги сўз ўйинларига алоҳида эътибор қаратгани воқеалар ўзгариш жараёнида томошабиннинг эътиборини бир ерга жамлашда катта хизмат қилди. Гулчеҳра Саъдуллаева ижросидаги юмшоқ супурги бўлиб кўрингани билан, маккоргина қайнона ва Муяссар Бердиқулова ижросидаги қаҳри қаттиқ қайноналар томошабинни, айниқса, ўзбек қайноналарини мушоҳадага ундаса ажабмас.
Элёр Носиров ва Тўхтамурод Азизовнинг яратган образларида эса бироз қатъият йўқдек. Қайнота ва куёв келинни ёмонотлиқ қилиб, уни беҳаёликда айбласаю, қизнинг отаси уларга муносиб жавоб қайтара олмаса, ҳатто куёвнинг қўлидаги телефонни олиб, sms’ни ўқиб кўрмаса, ёқасидан тутмаса, қизининг шаъни учун курашмаса... Томошабин Элёр Носиров ижросидаги образдан айнан шундай эмоционал ҳолатларни кутган эди.
Фильмнинг ечими ҳам жуда оддий бўлиб қолгандек. Боши деворга урилиб, севган қизи асли кимлигини билган куёв (Али Отажонов) турмуш ўртоғи (Муқаддас Саъдуллаева)ни яна уйига олиб кетади. 3 ой аввал келинни беҳаёликда айблаб, уни уйдан ҳайдаган қайнота келинни қучоқ очиб кутиб олади. Ўғил эса ўз хатосини ота-онасига тушунтириб ҳам ўтирмайди. Албатта, бундай ҳолатлар бугунги кунда баъзи оилаларда учраб туриши ҳам бор гап. Фильмдаги қаҳрамонларнинг реал прототипи йўқ, шунчаки тўқима образ эмаслигини воқеаларнинг одамлар ҳаётига яқинлигидан ҳам сезиш қийин эмас.
Ёш актёрлар Али Отажонов, Шаҳзода Муҳаммедова, Муқаддас Саъдуллаева ўзига берилган вазифани етарлича уддалай олишган. Томошабинларда уларнинг ижроси юзасидан эътирозлар туғилмади.
Шунингдек, операторнинг ишида ва монтажда ҳам бир қатор хатолар кўзга ташланди. Чироқларни жойлаштириш, кадрдан-кадрга ўтишда бироз камчиликлар ҳам йўқ эмас, албатта. Фильмнинг қисқалигидан маълумки, у тайёр бўлгач картинада баъзи лавҳалар кесиб ташланган. Воқеаларнинг бир-бирига уланмай қолганининг сабаби ҳам шундандир, балки.
Тўғри, мавзу сийқаси чиққан. Бироқ ҳамма гап, унга қандай ёндашишда. Режиссёр Дурдона Тўлаганова фильмга томошабин нигоҳи билан ёндаша олган. Шу сабабдир кино ниҳоясига етмагунча томошабинлар зални тарк этмади.