Асалхўжаева нега доим синглингизни етаклаб юрасиз деган саволларга жавоб бериб, ёшларни нима сабабдан танқид қилмаслигига ойдинлик киритди.
— 8 йиллик танаффусдан сўнг “Истиқлол” санъат саройида концерт беряпсиз. Ҳозир 4 та клип ишлаб уни ТВ эфирларида намойиш этишга сарфланадиган пулга концерт қўйиш осонроқ бўлиб қолди. Бу ҳам рекламанинг янги тури.
— Неча йиллардан буён концерт қўяман, деб майда икир-чикирларга ўралашиб қолдим. Бу орада онам вафот этдилар. У кишидан кейин қаддимни тутиб олишим қийин бўлди. Тўғриси, мухлисларимни соғинганман. Тўй-ҳашам, тадбирларда улар билан кўришиш, ҳар куни тўй саҳнасида қўшиқ айтиш ўз йўлига, лекин концертнинг файзи бўлакча. Санъаткор йиллар давомида қилган меҳнатининг натижасини концертда кўради. Аслида санъаткор ҳадеб тўйда куйлавермасдан, кўпроқ концерт қўйиши керак. Бироқ бизда санъаткорнинг асосий даромади тўйдан. Концертларга талаб ҳам, унинг ортидан топиладиган маблағ ҳам у қадар катта эмас. Бу билан концерт қўйишдан мақсадим пул топиш, демоқчи эмасман. Чунки ҳозир яхши концерт қиламан десангиз даромаддан кўра, сарф-харажати кўп бўлади. Лекин ҳар йили концерт қўйишга ҳам қаршиман. Одамлар соғиниб, талаб бўлганидан кейин концерт қўйиш керак.
— Номи чиқмай туриб, икки-уч кун концерт қўяётганлар ҳам бор. Кўплари чипталарни мажбурлаб сотаётганига ҳам гувоҳ бўлганмиз.
— Бундай йўл билан концерт бергандан, бермаган маъқул. Мухлисларнинг меҳрини қозониб, бирор даражага етгандан кейингина концерт қўйиш керак, менимча. Ҳақиқатан ҳозир концертлар жуда кўп. Баъзан сиз айтаётган хонандаларнинг афишаларини кўча-кўйда кўриб қолсам ўша санъаткорлар ачинаман. Шундай катта саҳнада концерт беряпти, шунга яраша одамлар келармикин, деб хавотир оламан.
— Ўзингизнинг концертингиздан хавотирланмаяпсизми?
— Хавотир бор, лекин бу чипталарнинг сотилиши билан боғлиқ эмас. 8 йилдан буён катта саҳнада концерт бермаганим учун ҳаяжонланяпман, холос.
— Мавлуда Асалхўжаева доим тўйнинг қўшиғини куйлайди, деб танқид қилишади. Балки бундай қўшиқларни бироз камайтириш керакдир.
— Бу фикрингизга умуман қўшилмайман. Шахсан ўзим одамлардан бундай танқидларни эшитмаганман. Тўғри, бир вақтлар мана бу қўшиқни бекор куйлабсиз дейишганда хатомни тан олган пайтларим ҳам бўлган.
Агар концерт қўшиқлари ва тўй қўшиқлари деб санъаткорнинг ижодини иккига ажратадиган бўлсангиз, бир гапни яна бир бор айтиб қўяй. Бизда санъаткорлар тўй ва тадбирларнинг ортидан пул топади. Концертларга талаб у қадар катта эмас. Йилига 10-15 кунлаб концерт қўйган хонандаларимиз ҳам тўйга боришади. Чунки даромадни шундан топамиз. Қўшиқчиларга осон тутадиганлар учун бу жиҳатлар қоронғу. Халқ тўйга санъаткорларни саралаб айтади. Ҳеч ким ўзининг яхши кунига тутруғи йўқ, маъносиз қўшиқ айтадиганларни чақирмайди. Мен баъзи санъаткорларни тушунмайман. Ўзи неча йилдан буён ижод қилмайди, янги қўшиқ айтмайди-да тинимсиз ижод қилиб, бор маблағини, вақтини ижодига сарфлаб юрганларни танқид қилади. Замон ўзгаряпти, тингловчи ҳар куни янги нарсани талаб қиляпти. Уларнинг талабига ҳам мослашиш керакми? Шу гапларнинг ўрнига янги қўшиқ куйла, талабга жавоб беришни ўрган.
"Қачондир санъатни ташлашимизга тўғри келади. Кексайганимизда шу ёшлар ҳолимиздан хабар оладиган бўлсин, узоқдан кўриб саломни ҳам насия қилиб қочмасин".
— Танқидни тўғри қабул қилган, хулоса чиқарган одамга танбеҳ бераман. Гулсанам Мамазоитова, Юлдуз Турдиева, Малика Эгамбердиева, Зиёдага ўхшаган қизларни танқид қилиш ноўрин. Чунки уларнинг ижоди шундоқ ҳам рисоладагидек. Агар бирор хонандага нисбатан танқидим бўлса, секин ёнимга чақириб, ётиғи билан тушунтираман. Қачондир ўзимиз ҳам шу йўлни босиб ўтганмиз, ахир.
— Ёши катта санъаткорларни байрам тадбирларига, хусусан, “Эътироф” каби мукофотларга чақирмасликларини кўп эшитамиз.
— Бунга мен ҳам қаршиман. Бизга бундай мукофотларни олиш керакмас. Лоақал устоз сифатида саҳнага чиқиб шу мукофотни ёшларга топширишга арзирмиз... Эътибор берсангиз мукофотни олаётганлар ҳам, топшираётганлар ҳам ёшлар. Аксинча, устоз-шогирд анъанасини кучайтириш вақти келмадимикин? Мен ҳеч қачон “Илтимос шу мукофотни фалончига мен топширай” деб боролмайман. Бундай тадбирларнинг ташкилотчилари шу жиҳатларига ҳам аҳамият беришлари керак.
— Бу йилги концертингизни ҳам синглингиз билан бераётганингиз учун “Қачонгача Мавлуда Гулини етаклаб юради” деган эътирозлар ҳам йўқ эмас.
— Гули ҳар йили ўзим концерт қилсам, деб рухсат сўрайди. Мен унамайман. Яна бир марта бирга концерт берамиз, кейин ўзинг билганингни қилаверасан дердим. Бу йил ҳам бирга саҳнага чиқайлик, кўрамиз, одамлар қандай қабул қилишаркин. Агар сиз айтган гап ҳақиқатга яқин бўлса, Гули келаси йиллар ўзи мустақил концерт бераверади. Лекин синглисини етаклаб юради деган гаплар мутлақо ноўрин. Радио ёки ТВда эшитмагунимча, унинг қандай қўшиқ ижро этаётганини билмайман ҳам.
— Ўғирланган қўшиқлар ҳақида гап кетганда доим сизнинг номингиз биринчилар қаторида тилга олинади.
— (жаҳли чиқиб) Одамлар Туркиядан ўғирлаб айтяпти деган қўшиқларнинг ҳаммасини пулини тўлаб, рухсатини олиб ижро этганман. Буни исботловчи ҳужжатларим ҳам бор. Агар у қўшиқларни шунчаки ўғирлаб айтган тақдиримда, туркиялик хонандалар индамай ўтирармиди? 4 йилдан буён Сардор Ўртачнинг бир қўшиғини оломаётган эдим. Сардор қаердан ҳам биларди, куйлаб чиқаверинг, деганлар ҳам топилди. Йўқ, ўз розилиги билан куйлайман, деб жавобини кутдим. Яқинда Сардор Тошкентга келганида учрашдик, қўшиқни сотиб олмоқчи эканимни айтдим. Сендан пул олмайман, бемалол айтавер деб рухсат берди. Концертимда шу қўшиқни куйлаб чиқмоқчиман.
— Шабнам Сураё билан боғлиқ муаммоларчи... Ўшанда ҳам сизни тожикистонлик хонандадан қўшиқ ўғирлашда айлашган эди.
— Бастакор Аҳмад Хожиматовнинг ёнига менга ўзбекона бир қўшиқ қилиб беришини сўраб борган эдим. У бир қўшиқни эшиттирди, сўзларини шоир Бобур Бобомурод ёзган эди. Қўшиқ менга ёқди ва куйлаб чиқдим. Орадан кўп ўтмай тожикистонлик хонанда Шабнам Сураё бу қўшиқни “Ашки чашмониман” деб куйлагани маълум бўлди. Шабнам Сураёнинг продюсери қўшиқни мен куйлаганимни билмасдан журналистларга “ўзбекистонликлар қўшиқни ўғирлашди” деб интервью бериб юборган. Аслида бу қўшиқни мендан аввал тожиклар айтганини умуман билмаганман. Бобур Бобомурод ҳам, бастакор Аҳмад Хожиматов ҳам қўшиқни аввал Шабнам Сураё куйлаганидан огоҳлантиришмаган. Ўша-ўша бастакорлардан қўрқадиган бўлиб қолдим.
— 2012 йилда “Болам, онанг қарияпти” номли қўшиқ куйлаган эдингиз. Ўша қўшиқни шоира Фарида Афрўз ижодига бағишлаб ўтказилган концерт дастуридан кейин бошқа давраларда эшитмадим, клип ҳам олмадингиз.
"Майли, қўшиқ талашиб Сардор Мамадалиев билан сен-менга бориш ниятим йўқ".
— Мавлуда Асалхўжаева қариб қолди, қўшиқ айтишни тўхтатса ҳам бўларди деган гапларга муносабатингиз қандай?
— (кулиб) Бундай гапларни жуда кўп эшитганман, лекин парво қилмайман. Чет элдаги хонандаларни қаранг 70 ёшдан ошса ҳам ижодни тўхтатмаган. Бугун санъаткор учун ҳамма шароит яратиб берилган бўлса, нега мен ижодимни айни гуллаган даврида тўхтатишим керак? Мен санъатга моддий бойлик сифатида қарамаганман. Қачонки чарчаб, ижод қилолмай қолган куним саҳнани ўзим тарк этарман, балки.
— Аввалигидек қўшиқлар йўқ, деган гапларни кўп эшитамиз. Менимча ҳам шундай...
— Ўзимга қолса, мен ҳам шу фикрдаман. Лекин бир нарсани унутмаслигимиз керак. Санъаткор ҳамиша мухлисларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда бирор ишга қўл уради. Аввалги қўшиқларимизни ҳам янги аранжировкалар билан айтиб кўрдик, лекин талаб йўқ. Шундан кейин одамлар биздан кутаётган нарсани куйлашга ҳаракат қиламиз. Ҳозирги тингловчилар ҳам аввалгидек эмас. У пайтлар рақобат катта эмас эди, битта қўшиқ куйласак неча йилларгача тилдан тушмасди. Ҳозир яхши қўшиқ айтсангиз ҳам, ёмон қўшиқ айтсангиз ҳам эътибор бир хил бўлиб қолган. Қўшиқнинг умри узун бўлиши хонанда билан бир қаторда тингловчига ҳам боғлиқ. Шунинг учун бу йилги концертимда 90-йилларда куйлаган қўшиқларимни ҳам қайтадан айтиб чиқмоқчиман.
— Санъаткорлар тарбияси бугун кун мавзусига айланиб қолган. Кўп санъаткорларимиз номақбул хатти-ҳаракаталарини деб халқнинг олдида изза бўлиб қолишяпти. Уларнинг орасида сизнинг дугоналарингиз ҳам бор.
— Ўша дугоналаримга тўғри юр, халқни нафратига дучор бўлмагин, деб 10 йил аввал айтганман. У пайтлар қўл телефонлари кўпчиликда йўқ эди. Ўша гапимдан хулоса чиқаришмагандан кейин яхшиси гапирмайдиган бўлганман. Одамзод боши деворга бориб урилмагунча, бировнинг гапидан хулоса қилмас экан. Ҳар куни кўчага чиқаётиб 4-5 марта ойнага қарайман. Ён атрофимдагилардан кўринишим ҳақида қайта-қайта фикрини сўрайман. Санъаткорнинг шахсий ҳаёти йўқ. У кўчага чиқдими, қайси даврага киришидан қатъи назар халқнинг ҳурматини жойига қўйиши керак. Одамларга кийинишимиз, ўзимизни тутишимиз ёқмаяптими, демак, ўзгаришга мажбурмиз. Минг афсуски, ҳамма санъаткор буни тўғри тушунавермайди. Бир кишининг хатоси, унинг ортида турган юзлаб санъаткорларнинг мавқеига таъсир ўтказмай қолмайди. Баъзан гапириб йўлга солгим келади. Қулоқ илмаганидан кейин вақтимни бекор кетказиб нима қилдим дейман. Санъаткорлар бир-бири билан аҳил бўлиб, қилма деган нарсани қилмаганларида энди, одамлар олдида изза бўлишмасди.
Ҳозир биттаси ёмон иш қилса, қолганлари томошабин бўлиб туради. Бориб тўғри йўлга солишни ҳам билмайди. Мана кечагина бир қизнинг видеоси чиқибди. Ростини айтсам, шунча йилдан буён ўша қизнинг қўшиқ куйлашини билмас эканман, тўйларда ҳам ҳеч юзма-юз келмаганман. Ҳалиги видеони кўриб, ёқамни ушладим. Наҳот, санъатни шунчалар арзон баҳолашса...
Одатда тўйларга борганимда навбатим келишини машинамда эмас тўйхонанинг ичига кириб кутиб ўтираман. Одамларни, санъаткорларимизни кузатаман. Керак бўлса насиҳат қиламан. Биз ҳам ёшлигимизда роса қийналганмиз. Қўшиқ айтаётган пайтимиз бошимизга тўппонча тираган пайтлари ҳам бўлган. Лекин турмуш ўртоғим ва фарзандларимнинг бошини эгадиган иш қилганим йўқ.
— Дарвоқе, турмуш ўртоғингиз анчадан буён кўринмайдилар...
— Аввалари тўй ва концертларга бирга чиқардик. Кейин у Гули билан ишлай бошлади. Ҳозир эса тўйга ҳам, концертга ҳам боргиси келмайди. Уйимизда студия очган. Шу ерда тинчгина ижод қилиб ўтиради. Шукур, оиламиз тинч, ортиқча гап-сўзларга ўрин йўқ. Яқинда иккита янги қўшиқ ёзиб берди. Насиб этса бу қўшиқларни ҳам концертимда куйлаб чиқаман.
Фотомухбир Ғафур Расулов
"Ko'zgu" студияси.