...
МЕНЮ
ONLINE TV

Манзура: “Шаҳзода Дилором Омонуллаевадан узр сўраши керак!”


11:19, 10.07.2017 Шоу-бизнес
 16 470

Шаҳзода Муҳаммедованинг Дилором Омонуллаевага нисбатан қилган ҳақоратлари юзасидан хонанда Манзура ўз фикрини баён этди.

Шу кунларда актриса Шаҳзода Муҳаммедованинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, таниқли бастакор Дилором Омонуллаева ҳақида ёзиб қолдирган пости катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Ушбу постда Шаҳзода Муҳаммедова Ўзбекистон Республикаси санъат арбобини маданиятсизлик ва тарбиясизликда айблаган, уни виждонсиз, разил ва руҳан касал инсон деб ҳақорат қилган эди. Албатта, актриса томонидан қилинган бундай муносабатга маданият ва санъат соҳаси вакиллари, зиёлилар жим қараб туришмаяпти. Улар ҳам мазкур ҳолат юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Хусусан, “Ниҳол” мукофоти совриндори хонанда Манзура Йўлдошева ҳам.
 
Манзура Йўлдошева, “Шуҳрат” медали соҳибаси:
 
– Мен ўн бир йил Успенский номидаги мусиқа мактабида таҳсил олдим. Ўша кезлари Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқиш менинг энг катта орзум эди. Сўнг ҳаракатларимиз, уринишларимиз, устозларимиз кўрсатган йўлдан борганимиз натижасида ниятларимизга эришдик.  Албатта, бу даргоҳда таҳсил олишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлган. Шу сабабли ўқиш давомида устозларимиздан “3” ёки “4” баҳо олиш биз учун катта байрам эди. Агар бирор айб иш қилиб қўядиган бўлсак, шу заҳотиёқ ўқитувчиларимиздан кечирим сўрардик. Боиси бизни шундай тарбиялашган.
 
Олий ўқув юртига ўқишга кимдир кира олади, кимдир эса йўқ. Жумладан, Ўзбекистон давлат консерваториясига ҳам. Биз бу олийгоҳга кириш учун ўн бир йил ўқидик, мусиқий билимга эга бўлдик. Устоз Дилором Омонуллаева ҳақида гапирадиган бўлсам, у талабчан ва қаттиққўл ўқитувчилардан. Агар бундай бўлмаганида шунча истеъдодли, меҳнаткаш, ўз ишини севадиган шогирдлар етишиб чиқмас эди. Бу инсон ҳалол меҳнат билан Ватанимизга хизмат қилиб келмоқда. Мен устозим Дилором Омонуллаевадан жуда миннатдорман. Уларнинг қўшиқларини биз имтиҳонларда, катта-катта саҳналарда севиб ижро этганмиз. Шунинг учун Шаҳзода қилган хунук муносабати учун, албатта, у кишидан узр сўраши керак, деб ўйлайман. Бу муносабат саводсизликдан келиб чиққан. Зотан билимга чанқоқ ёшлар устозларнинг талабчанлигини тўғри қабул қилишади. Дилором Омонуллаева қанчалик қаттиққўл бўлмасин, доим ўз ўқувчиларини қўллаб-қувватлаган. Қаттиққўллиги учунгина у ҳақда ёмон фикр билдириш, менимча, нотўғри.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, мазкур масала бўйича  Ўзбекистон давлат консерваторияси Бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси мудири, доцент Ойдин Абдуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Исмияминова ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ҳам ўз муносабатларини билдиришган эди. 

Теглар:Шаҳзода Муҳаммедова Дилором Омонуллаева Дилноза Исмияминова Гулбаҳор Эрқулова Манзура 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!