Бугун хотин-қизлар ўртасида 63 ҳамда 69 кг вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилди.
Бугун, 31 октябрь куни хотин-қизлар ўртасида 63 ҳамда 69 кг вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилди.
63 кг вазн тоифасида чиқиш қилган Кумушхон Файзуллаева даст кўтаришда 87 кг, силтаб кўтаришда 114 кг, умумий 201 кг натижаси билан биринчи ўринни эгаллади ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига Осиё кубогидаги учинчи олтин медални қўшиб қўйди.
69 кг вазн тоифасида иштирок этган Турсуной Жабборова эса 91+108=199 натижаси билан кумуш медалини қўлга киритди.
Эътиборлиси, бугун олтин ва кумуш медалларига эга чиққан ҳар иккала спортчилар 2002 йилда таваллуд топишган, яъни келаси йили Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этиш имкониятига эга.
Кореядаги мусобақада улар катталар орасида совринли ўринларга сазовор бўлиб, шоҳсупага кўтарилишди. Демак, ўз-ўзидан кўриниб турибдики, 2018 йилда Буэнос-Айресда ҳам ўзбекистонлик спорт мухлислари улардан медаллар кутишади.
Ана шу тариқа мусобақанинг учинчи кунида терма жамоа аъзолари хозирча 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларига эга бўлишди.
Муаттар Набиева — олтин.
Сарвар Тоштемиров — олтин.
Кумушхон Файзуллаева — олтин.
Муҳаммадали Қахрамонов — кумуш .
Турсуной Жабборова — кумуш.
Маҳлиё Тоғаева — бронза.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ, яна бир ўзбекистонлик спортчи Муаттар Набиева даст кўтаришда 91 кг, силтаб кўтаришда 106 кг, умумий 197 кг натижа билан Осиё кубогида олтин медалга сазовор бўлгани хақида хабар берган эдик.
Бундан ташқари, эркаклар ўртасида 77 кг вазн тоифасида иштирок этган Сарвар Тоштемиров даст кўтаришда 143 кг, силтаб кўтаришда 168 кг, умумий ҳисобида 311 кг оғирликни ўзига бўйсундириб, олтин медаль соҳибига айлангани ҳақида хабар бергандик.
Бугун шунингдек, эркаклар ўртасида 85 кг вазн тоифасида беллашувлар давом этяпти. Ушбу вазнда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Файзулло Набиев ва Суннат Ўсаровлар ҳам ғолиблик учун баҳсларга киришишган.
Натижалар хақида бироз кейинроқ маълумот берамиз.