Кеча, 29 май куни бастакор саратон касаллигини даволатиш учун Ҳиндистонга жўнаб кетди.
“Владимир Валентинович Барамиков жиддий касалликка чалинди ва у бизнинг ёрдамимизсиз хасталикни енга олмайди. Ушбу касалликни даволаш учун Ҳиндситонда жарроҳлик амалиётини ўтказиш лозим. Унда шу йўл билан касалликдан фориғ бўлиш имконияти бор. Сиздан бефарқ бўлмасликни илтимос қиламиз. В.В.Барамиков жуда яхши инсон ва санъат соҳасида бизнинг фахримиздир. “Садо” ва “Наво” гуруҳларига айнан мана шу инсон томонидан асос солинган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россияда яратилган кўплаб фильмларидаги мусиқалар айнан Владимир Валентинович Барамиковга тегишли. Бу инсоннинг санъат соҳасидаги режалари бисёр. Келинг, ушбу режаларнинг амалга ошишига ёрдам берайлик!”, ёзади Санора Каландарова.
Ушбу мурожаатдан сўнг биз Владимир Валентинович Барамиковнинг собиқ турмуш ўртоғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова билан боғландик ва бастакорнинг аҳволи билан қизиқдик.
Кумуш Раззоқова бизга Владимир Барамиков саратон касаллигига чалингани, бастакорнинг даволаниши учун ҳисоб рақами очилганини ва унинг кеча, 29 май куни Ҳиндистонга жарроҳлик амалиёти учун жўнаб кетганини айтди.
Худди шу маълумотни Владимир Валентинович Барамиковнинг Facebook’даги саҳифасида унинг дўстлари томонидан ёзиб қолдирилган сўзлар ҳам тасдиқлайди.
Наталья Равинская: “Володяни даволанишга кузатаяпмиз. Азиз ва ҳурматли дўстимиз тезроқ тузалиб қайт”.
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан бастакор Владимир Барамиковга мустаҳам соғлик тилаб қоламиз.