Барселонадаги теракт сабабли қатор шаҳарлардаги масжидлар яқинида норозилик намойиши ўтказилмоқда.
Жумладан, Гранада шаҳрида жойлашган масжидга радикал кайфиятдаги ёшлар гуруҳи томонидан ҳужум уюштирилган. Ҳужум оқибатида масжиднинг бир қисми ёқиб юборилган. Бу ҳақда Британия нашлари хабар берди.
Намойишчилар кўтариб олган баннерларда “Бу масжид қурилишини молиялаштирган одам терроризмни молиялаштирган. Нега ҳукумат жим?” каби жумлаларни кўриш мумкин. Испания полицияси вазиятни назорат қилишга уринмоқда. Улар намойишчиларни тартибни сақлашга чақирган, айрим тартиббузарлар эса қўлга олинган.
Мусулмон жамоаларига таҳдид қилувчи ёзувли баннерлар Логроньо, Монблан, Андалусия шаҳарларидаги масжидларнинг деворларида ҳам пайдо бўлган.
Маълумки, шу йилнинг 17-18 август кунлари Испаниянинг Каталония ҳудудида террорчилик ҳуружи содир этилган эди.
Ушбу воқеадан кейин, махаллий мусулмон жамоалари терактни қоралаб акция ўтказганлар ва ўзларининг террорчи эмасликлари ҳақида жар солганлар. Бироқ, кўриниб турибдики бу тадбирлар ҳам уларга қарши таҳдидлардан қутқара олмаган.
Маълумот учун, Испанияда икки миллиондан ортиқ ислом динига эътиқод қилувчи одамлар истиқомат қилади.