
Қуйидаги рўйхат ёрдамида дунёнинг қайси давлатларида ишчи кучи ўта арзон эканини билиб олишингиз мумкин.
Аммо бу дунёда меҳнатига яраша ҳақ ололмайдиганлар қанчадан-қанча топилади. Кўп давлатларда ишчи кучи ўта арзон ва одамлар арзимаган пул эвазига қора меҳнат билан шуғулланишга мажбур.
Ғарблик йирик ишлаб чиқарувчиларнинг бундай мамлакатларга равона бўлишининг сири ҳам шунда: уларга арзон ишчи кучи керак! Улар ишлаб чиқаришни ночор мамлакатга жойлаштиради ва арзон ишчи кучидан фойдаланиб, маблағларини тежаб қолади.
Албатта, тадбиркорлар анойи эмас, бирор ночор давлатга йўл олишдан аввал у ердаги сиёсий барқарорлик, инфратузилманинг ҳолати, технологиялардан фойдалана олиш имкониятлари каби жиҳатларни ўрганиб чиқади.
“Вести Экономика” нашри тузган қуйидаги рўйхат ёрдамида дунёнинг қайси давлатларида ишчи кучи ўта арзон эканини билиб олишингиз мумкин.
Рўйхатда бир йиллик минимал маош миқдори кўрсатилган.
15.Мадагаскар – $490
Ушбу орол-давлатда Африка, ҳинд, Европа ва хитой маданиятларининг омухтасини кўриш мумкин. Бундай хусусият унинг тарихида акс этган. Мадагаскар чиннигул, иланг-иланг ва ваниль маҳсулотларини дунё бозорига етказиб бериш бўйича етакчи ҳисобланади. Қолаверса, Мадагаскар бизнес юритиш учун маъқул жойдир, чунки бу ерда меҳнат учун тўланадиган минимал ҳақ соатига 23 центни, яъни йилига 490 долларни ташкил этади.
14. Гана – $488
Гана Африканинг табиий ресурсларга, хусусан, қиммат металлар ва минералларга бой, ўртача даромадга эга мамлакатидир. Бу ерда йирик олтин конлари мавжуд. Гана ҳукумати 2020-2029 йилларда мамлакат иқтисодиётини ривожланган босқичга олиб чиқишни режалаштирмоқда. Мамлакат пойтахтида “Умид шаҳри” номида технология парки барпо этилмоқда. Парк бир нечта бинодан иборат бўлиб, унинг энг баланд минораси Африкада ягона бўлади. Лойиҳага 10 миллиард доллар ажратилган.
13. Тожикистон – $487
Ён қўшни Тожикистоннинг аҳволидан озми-кўпми хабардормиз. 1990 йилларнинг бошида бу ерда бошланган фуқаролар уруши иқтисодиётни издан чиқарди, оқибатда ишсизлик кучайди, ҳаёт сифати пасайди. Кўплаб тожикистонликлар иш излаб бошқа давлатларга йўл олишга мажбур бўлди.
12. Конго Демократик Республикаси – $472
Мазкур мамлакат табиий ресурсларга бой бўлса-да, улардан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Конго 1960 йилгача Бельгиянинг мустамлакаси бўлган, 1971-1997 йиллар оралиғида Зоир Республикаси деб аталган. Сиёсий беқарорлик ва корруппия Конго Демократик Республикасининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Турган гапки, бундай шароитда хорижлик инвесторларнинг эътиборини тортиш мушкул. Пойтахт Киншаса мамлакатнинг ягона йирик шаҳридир, қолган ҳудудлар у қадар ривожланмаган.
11. Либерия – $435
Ушбу мамлакат номи “Озодлик ери” маъносини билдиради. Либерия Республикасига озодликка чиққан афроамерикаликлар асос солган. Фуқаролик урушлари, сиёсий беқарорлик мамлакат иқтисодиётини буткул издан чиқарди ва Либерия Ғарбий Африканинг энг қашшоқ ўлкасига айланди. Аҳолиси 4 миллионга ҳам етмайди, аммо бир неча йил аввал ишсизлик даражаси 85 фоизгача кўтарилиб кетди.
10. Малави – $412
Кўпгина ривожланаётган мамлакатлар сингари Малави иқтисодиёти ҳам донорлик ёрдами, хусусан, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа давлатлар ажратадиган маблағларга боғланиб қолган. Бу ерда меҳнатга яроқли аҳолининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида банд. Инвестиция нуқтаи назаридан Малави Африканинг энг хавфсиз ҳудудларидан бири ҳисобланади.
9. Гвинея-Бисау – $372
Гвинея-Бисау аҳолисининг аксари қашшоқликда кун кечиришга мажбур. Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодининг етакчи сектори саналади. Гвинея-Бисау чет мамлакатларга асосан ёнғоқ, ерёнғоқ ва балиқ экспорт қилади. Гвинея-Бисау 1974 йилда мустақилликка эришган, аммо ҳарбий тўнтаришларнинг тинимсиз рўй бериши мамлакатни орқага тортмоқда.
8. Венесуэла – $361
Нефтга бой Венесуэла айни дамда иқтисодий инқирозни бошидан ўтказмоқда. Инфляция даражаси ҳаддан ташқари ошиб кетган, ишсизлик кучайган. Шу сабабли мамлакатда ижтимоий норозиликлар ортиб бормоқда.
7. Гамбия – $317
Гамбия ҳам аграр давлат ҳисобланади, меҳнатга яроқли аҳолининг 75 фоизи қишлоқ хўжалигида банд. Асосий валюта тушуми ерёнғоқ ҳисобига қўлга киритилади, экспортнинг тахминан 40 фоизи айнан шу маҳсулот ҳисобига тўғри келади. Сўнгги йилларда Гамбияда туризм соҳаси ҳам ривожланмоқда.
6. Танзания – $240
Танзания ёввоий табиатни хуш кўрадиган сайёҳлар орасида маълум ва машҳур. Бу мамлакат Британиянинг собиқ мустамлакаси бўлгани учун аҳолининг аксар қисми инглиз тилида сўзлаша олади. Танзания табиий ресурсларга бой, аммо саноати ривожланмаган. Меҳнатга яроқли аҳолининг 80 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайди.
5. Бангладеш – $228
Бангладеш ўта гавжум мамлакат – атиги 144 000 км² ҳудудда қарийб 170 миллион аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда у Осиёнинг энг камбағал ўлкаларидан биридир. Ишчи кучи арзон бўлгани учун бир қатор машҳур кийим-кечак компаниялари бу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Эгнингиздаги фалон маркага мансуб кўйлак Бангладешда тикилган бўлса, ҳайратга тушманг.
4. Қирғизистон – $181
Қирғизистон ҳам ён қўшнимиз. Ён қўшни – жон қўшни деганларидек, Қирғизистон иқтисодининг ривожланишидан, албатта, хурсанд бўламиз. Аммо ўтган йиллардаги сиёсий беқарорлик ушбу мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланашига таъсир кўрсатмай қолмади.
3. Куба – $108
Табиати мафтункор “Озодлик ороли!”. Куба кўплаб сайёҳларнинг севимли маскани ҳисобланади. Сўнгги йилларда Гавана ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар илиқлашгани кузатилмоқда, демак, Американинг йирик компаниялари Кубага кириб келса ажаб эмас.
2. Грузия – $96
Грузия ҳам бошқа ривожланаётган мамлакатлар сингари турли муаммолар дуч келмоқда. Ишчи кучининг арзонлиги бу ерда бизнес юритмоқчи бўлганларга қўл келиши аниқ.
1. Уганда – $22
Маълумотларга қараганда, Уганда аҳолисининг учдан икки қисми ўта қашшоқликда кун кечиради. Ушбу мамлакат асосан қаҳва экспортидан даромад олади, меҳнат яроқли аҳолининг 80 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигида ишлайди. Угандани 1986 йилдан бери Йовери Мусевини бошқариб келмоқда. У ҳокимиятга ҳарбий тўнтариш орқали келган эди.