...
МЕНЮ
ONLINE TV

Инсон органлари билан савдо қилувчи жиноий гуруҳ қўлга олинди


10:24, 09.12.2016 Олам
 5 716

Аҳолининг камбағал қатлами кундалик озиқ-овқат сотиб олиш учун ҳам инсон органлари билан ноқонуний савдо қилувчи шахсларга мурожаат қилишмоқда.

Мисрда инсон органлари билан ҳалқаро миқёсида ноқонуний савдо қилувчи жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда “Medportal.ru” хабар бермоқда.
 
Ушбу гуруҳ аъзолари сифатида ушланган 25 дан ортиқ фуқаро орасида шифокорлар ва ҳамширалар ҳам борлиги айтилмоқда. Жиноятчилар инсон органлари эвазига олган АҚШ долларлари, олтин қуймалари ҳам топилди.
 
Айтиш лозимки, Мисрда инсон органлари билан савдо қилиш расмий равишда тақиқланган. Бироқ, мамлакатдаги ғариб аҳоли қатлами ўз буйраги, жигарининг бир қисмини пул ишлаб топиш учун ана шундай ноқонуний гуруҳ вакиллари ва яширинча органлар савдоси билан шуғулланадиган шифокорларга сотади.
 
Энг ачинарлиси, улар буни қарзларини тўлаш ёки бўлмаса, шунчаки, кундалик озиқ-овқат сотиб олиш учун қилишади.
 
Миср ҳукумати берган маълумотларга кўра, қўлга олинган гуруҳ араб фуқароларидан иборат бўлган. Улар камбағал кишиларга органларини сотиш таклифини билдириб, орган эвазига катта пул беришни ваъда қилишган. Органни қўлга киритгач, уни бир неча бор қимматга пуллаганлар.
 
Маълумотларга кўра, тергов ишлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатдаги қатор лицензияга эга бўлган ва бўлмаган шифохоналарда ўтказилган.
 
Ушбу шифохоналарда донорлардан органларни олиш ва бошқа беморларга кўчириб ўтказиш ишлари амалга оширилган.
 
Тергов жараёнида суриштирув ишлари олиб борилаётган 10 та тиббиёт марказидан компьютерлар ва ҳужжатлар олиб қўйилган.
 
2010 йилда Миср дунёда инсон органлари билан ноқонуний равишда савдо қилинадиган 5 мамлакатнинг бири сифатида “эътироф” этилганди. 2012 йили эса мамлакатдаги қатор вилоятларда бир неча қочоқлар, органларини олиш мақсадида ўлдирилгани ҳақидаги маълумотлар тарқалган.
 
2016 йилга келиб эса, Мисрда истиқомат қиладиган контрабандачилардан бири итальян прокурорига ўз қарзларини тўлай олмаган кишилар ноқонуний равишда инсон органлари билан савдо қилувчи шахсларга сотиб юборилишини айтгани борасидаги маълумотлар болалади. Ушбу маълумот ҳозирча ўз тасдиғини топмаган.
 
Миср ҳукумати расмий сайтида эълон қилинган ушбу хабарда, айни жиноий гуруҳ ҳалқаро тизимга эга бўлган йирик жиноий гуруҳ экани айтиб ўтилган.
Умида Якубова

Теглар:Инсон органлари Миср Жиноий гуруҳ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!