Саҳнада илонлар билан бирга куйлаётган Ирмани илон чаққач, 45 дақиқа ўтиб жони узилди.
Кобралар билан шоу ўтказувчи Индонезиялик хонанда Ирма Бьюл Караванг аҳоли пунктидаги саҳнада илонлар билан куйлаётиб вафот этди. Уни шоуда қатнашаётган шоҳ кобралардан бири чақиб олди ва 45 дақиқа ўтиб Ирманинг жони узилди, дея хабар беради “Lenta.ru” нашри. Ирма ёнидан ўрмалаб кетаётган илоннинг думини босиб олади, натижада илон унинг сон соҳасини чақиб олади.
29 ёшли Ирма илон чаққанидан кейин ҳам 45 дақиқа давомида куйлашда давом этди. Кутилмаганда у саҳнада қайд қила бошлади, кейин эса тутқаноқ тутиб, охир-оқибат у йиқилди. Бу ҳолат Ирманинг қўшиқларини тинглаётган мухлислар томонидан видеога ҳам олинди.
Маълумотларга кўра, у зудлик билан шифохонага етказилган, бироқ шифокорлар умид йўқлигини, хонанданинг жони узилганини айтишди. Айни вақтда Бюлнинг ўлими юзасидан тергов ва суриштирув ишлари бошланган.
Шоҳ кобралар дунёдаги энг кучли заҳарга эга бўлган илонлар сирасига киради. Уларнинг узунлиги 5,5 метр, оғирлиги эса 9 килограммгача етади. Улар Жанубий Ҳиндистонда ва жануби-шарқий Осиёда яшайди. Шоҳ кобранинг заҳри, ҳатто, филни ўлдиради.