...
МЕНЮ
ONLINE TV

Илкай Гюндоган: Машҳурлик, ота-онаси, “Манчестер Сити” ва пулнинг муҳимлиги ҳақида


12:41, 31.07.2017 Спорт
 2 690

Футболчининг онаси ёшлигида оддий ошпаз бўлган, ҳозирда эса ишсиз.

Куни кеча Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ва Германия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Илкай Гюндоган `Adidas` компанияси вакиллари билан Москвада ташкил этилган `Tango League` турнирига ташриф буюрди. Бундан унумли фойдаланган маҳаллий журналистлар футболчи билан қизиқарли суҳбат уюштиришди.



- Сиз кўрган охирги сериал?

- “Форс-мажорлар”. Шу сериални жуда яхши кўраман. Барча мавсумларини кўрганман. Умуман олганда, сериалларга қизиқаман. Агар битта серияси ёқиб қолса, бошқа серияларини ҳам қидиришга тушаман.

- Сизнинг севимли ичимлигингиз?

- Алкоголь ичимликларини жуда кам ичаман. Чанқоқбосди ичимликлардан фанта ва коланинг аралашмасига ўхшаш `Mezzo Mix`ни ёқтираман.

- Сиз танишишни истаган машҳур инсон ким?

- Дензел Вашингтон. Унинг фильм­ларини севиб томоша қиламан.

- Машҳурлик асабларни таранг қиладими?

- Бир томондан бундан роҳатланаман. Ёнингизга фанатлар келиб дастхат сўрашса - бу ажойиб. Бошқа тарафдан сиз эҳтиёт бўлишингиз керак. Чунки машҳурларда ҳам бошқалар сингари кайфияти бузилиб туради.

- Ҳар доим нимани ўрганишни истагансиз?

- Пианино чалишни. Агар ўрганиб олсам ажойиб бўларди.

- Охирги марта телефонга олган суратингиз қайси?

- Москвага келаётганда самолётда амакиваччам ва физиотерапевтни суратга олдим. Москвада эса ҳозирча расм олмадим. Умуман олганда, саёҳат қилишни ёқтираман. Энди Бразилия, Канада ва Янги Зеландияга боришни режалаштирганман.

- Охирги марта нима совға қилдингиз?

- Агар ҳақиқий туҳфа ҳақида гапирадиган бўлсам, онамга туғилган кунларида сумка совға қилгандим.

- Сизга берилган энг яхши сов­ға?

- Умуман олганда, ҳадя олишни унчалик ёқтирмайман. Чунки ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Ўзим ишлаб топаман. Мендан кам пул топаётган инсонларнинг бирор-бир сов­ға қилишлари ғалати туюлади.

- Амалга оширган энг қиммат харидингиз...

- Ўтган йили Баликесирда ер сотиб олдим. Бу Туркияда, ота-онамнинг туғилган шаҳри. Қанчага олганимни айтолмайман.

- Нимани чексиз амалга оширишингиз мумкин?

- Уйқуни жуда яхши кўраман. Бир сутка ухлашим мумкин.

- Охирги марта қайси концертга боргансиз?

- Бруно Марс Манчестерга ташриф буюрганида бордим. Бундан бир ой олдин Дрейкнинг ҳам концертига тушгандим.

- Футбол тарихидаги энг яхши футболчи ким?

- Месси.

- Манчестер Ситининг энг яхши футболчси ким?

- (10 сония ўйлаб қолди).

- Рости, Агуэрони айтасиз, деб ўйлагандик.

- Агуэро, албатта, яхши. Аммо FIFA кўрсаткичлари бўйича Сильва ёки Де Брюйнени айтган бўлардим. Балки ўзим ҳам ярим ҳимоячи эканлигим учун шундай ўйлагандирман.

- `FIFA` ўйинини ўйнаганингизда қайси жамоани танлайсиз?

- Одатда, бирор-бир футболчини танлаб оламан. Аммо ҳеч қачон ўзимни танламаганман.

- Ота-онангиз нима билан шуғулланишади?

- Болалигимда онам ошпаз бўлганлар. Ҳозир ишсиз. Отам эса, одамларни турли ишларга йўналтирадиган немис компаниясида ишларди. Туркия­да яшашади. Отам қурилиш компаниясида ишлаяпти.

- Нима учун улар Туркияда яшашади?

- Ота-онам ҳамиша Туркияга қайтишни орзу қилишарди. Айни пайтда укам Германияда қиз дугонаси билан яшаяпти. Мен эса Англияга кўчиб келдим.

- Эрталаб Iphone’нингизда очадиган биринчи илова?

- Будильник. Кейин яна будильник. Яна, яна. Уйқудан туришим учун камида беш марта чалади. Янги хабарларни ўқиш учун WhatsApp’га кираман. Кечқурун уйқудан олдин ҳамиша авиарежимни ёқиб қўяман.

- `Twitter` ва `Instagram`гa суратларингизни ўзингиз жойлайсизми?

- Бу ишни бажарадиган компания билан ҳамкорлик қиламан. Лекин Twitterдаги барча постлар менинг розилигим билан амалга оширилади. Баъзан улар, айтайлик, “Ҳозир Москвадасан. Бирор-бир сурат жўнат. Жойлаб қўямиз”, дейишади. Баъзан эса ўзим айтган нарсани қўйишади. Умуман олганда, ижтимоий тармоқлар фанати эмасман.

- Кўпчиликнинг фикрича, Манчестер Сити муваффақиятини сотиб олган, дейди. Бунга жавобингиз қандай?

- Футболда пулнинг муҳим роль ўйнаши тайин. Лекин “Манчестер Сити”нинг ҳам ўз тарихи бор. Жамоа 1894 йили ташкил этилган. Айтайлик, “Боруссия” ундан кейин ташкил этилган.

- Ҳозир қандай машинада юряпсиз?

- Шахсий автомобилим йўқ. Қариндошим мен билан бирга яшайди. Қаерга борсам, у олиб юради. Англияга кўчиб ўтишим билан жароҳат олдим. Натижада машина минолмадим. Яқин кунларда салондан “Порш”  чиқади. Уч-тўрт ой олдин буюртма бергандим.

- Гюндоган талқинига кўра, тарихдаги энг яхши фильм?

- Гладиатор.

- Катта пул яхшими ёки шон-шуҳратми?

- Катта пул. Чунки маблағ билан кўп нарсани амалга оширса бўлади.

- Машҳурлигингиз қизлар билан муносабатингизга халақит берадими?

- Ҳа. Футболда пулингиз борлиги учун муносабат ўрнатиш кўп учрайди. Умуман олганда, бу одатий ҳол.
Акмал Эшонхонов

Теглар:Илкай Гюндоган 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!