...
МЕНЮ
ONLINE TV

Илк хориж сафаридан қайтган Дональд Трампни Вашингтонда нега “совуқ” кутиб олишди?


09:09, 29.05.2017 Олам
 4 679

Дональд Трамп бир неча кун АҚШда бўлмаган вақтида Оқ уйда Россия билан махфий алоқалар борлиги ҳақидаги хабар юзасидан можаро авж олди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 20 майдан 27 майгача Яқин Шарқ мамлакатларига илк хорижий ташрифини уюштирди. Президент лавозимидаги илк турне давомида АҚШ раҳбари НАТО ва G7 саммитида ҳам иштирок этди. Вашингтонга қайтган Дональд Трампни ўз мамлакатида “совуқ” хабарлар билан кутиб олишди. Бу галги муаммо унинг куёви – Жаред Кушнер билан боғлиқ.
 
Гап шундаки, Дональд Трамп бир неча кун АҚШда бўлмаган вақтида Оқ уйда Россия билан махфий алоқалар борлиги ҳақидаги хабар юзасидан можаро авж олди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар бермоқда.
 
Бу орада эса АҚШнинг 45-президенти бўлган Трампнинг аҳоли орасидаги нуфузи ҳам тушиб бормоқда. “Gallup” нашрида келтирилишича, май ойининг бошиданоқ Дональд Трамп тарафдорлари 42 фоизни ташкил қилган бўлса, ой охирига келиб, бу кўрсаткич 38 фоизга тушган.
 
Адвокат Марк Касауиц бошчилигидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар гуруҳи Жаред Кушнер ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўртасида алоқа бўлгани борасида Дональд Трамп билан муҳокама ўтказиши белгиланган эди.
 
АҚШ Конгрессининг демократлари Президент маслаҳатчиси лавозимини эгаллаб турган Жаред Кушнернинг ўзидан Россия билан махфий алоқа каналини ташкил этишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарга изоҳ беришини талаб қилишмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар тарқатди.
 
Айрим манбаларда келтирилишича, декабрь ойида Жаред Кушнер Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан учрашган вақтида икки мамлакат ўртасида яширин алоқа каналини тузишни таклиф қилган. Аммо Дональд Трамп ҳам, Жаред Кушнер ҳам бу хабарларни “сохта” эканини таъкидламоқдалар.
 
Жаред Кушнернинг адвокати унинг мижози Конгресс олдида ФТБ (Федерал тергов бюроси) саволларига жавоб беришга тайёр эканини билдирган.
 
Расмий Кремль ва Оқ уйда ҳам рад этилаётган “Россия ва АҚШнинг махфий алоқалари” ҳақидаги можарони прокурор Роберт Мюллер тергов қиляпти. Бундан ташқари, разведка бўйича АҚШ сенати қўмитаси ва Конгресснинг вакиллар палатаси ҳам бир вақтнинг ўзида тергов ишларини олиб бормоқда. 
Дурдона Расулова 

Теглар:АҚШ Россия Дональд Трамп Жаред Кушнер 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!