Жорий йилнинг июнь ойида юзага келган Доклам масаласида Хитой ва Ҳиндистон расмийлари маълум бир келишувга эришдилар.
28 август куни Хитой ва Ҳиндистон ўртасида Доклам платосидаги ҳудудда ҳинд ҳарбийларининг чиқиб кетиши ҳақидаги келишувга эришилди. Бироқ Хитой маъмурияти Қуролли кучларнинг юқори даражадаги ҳарбий тайёргарлигини бекор қилмаган. Бу ҳақда CNN хабар тарқатмоқда.
Хитой Мудофаа вазирлиги расмий вакили У Цяннинг фикрича, 28 август куни эришилган келишувга асосан ҳинд аскарлари можароли ҳудудни тарк этиши зарур.
Ҳиндистон Доклам платосидаги ўз қўшини ва ҳарбий техникасини бугун, 28 август куни соат 14.30 да олиб чиққан. Буни Хитой томони ҳам тасдиқлаган. Икки томон ҳам ўз суверенитетларини сақлаб қолиш важида ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлашда давом этмоқда.
Маълумот учун, Ҳиндистон, Хитой ва Бутан мамлакатлари чегараси туташган ҳудудда жойлашган Доклам платоси бўйича ҳудудий можаро июнь ойидан буён давом этиб келмоқда.
Хитой томонининг платода йўл қурилишини бошлагани Бутан расмийларининг норозилигига сабаб бўлган ва бир неча кун ўтгач, Ҳиндистон ҳарбийлари ҳудудни эгаллаб олган эди. Бутан ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстона алоқалар сабабли Хитой ҳарбийлари чегара ҳудудидан сиқиб чиқарилганди.
Чегарага тааллуқли муаммолар тинчлик йўли билан ҳал этилгани жаҳон ҳамжамиятининг ижобий фикр-муносабатлари билан тўлдирилмоқда.