Кеча, 3 сентябрь куни Ислом Каримовнинг дафн маросимига келган Хитой вакили икки давлат ўртасидаги алоқалар ҳақида фикр билдирди.
Кеча, 3 сентябрь куни Ислом Каримовни сўнгги йўлга кузатиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур маросимда Гаоли Хитой вакили сифатида иштирок этди.
“Ўзбекистон халқи Ислом Каримов бошлаб берган сиёсатни давом эттириб, уни ривожлантира олиши ва давлат қурилиши, халқ тараққиёти йўлида янги муваффақиятларга эришишига Хитой қаттиқ ишонади”, дея Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Гаолининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда.
Ислом Каримовнинг дафн маросимидан сўнг, Чжан Гаоли Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Шавкат Мирзоёев билан учрашди. Улар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ривожи ҳақида фикр алмашдилар.
Учрашувда ХХР Давлат кенгашининг бош вазири ўринбосари Хитой Ўзбекистон билан аввалроқ имзолаган келишувларни давом эттириш, Янги буюк ипак йўлининг истиқболлари учун ҳисса қўшиш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, хавфсизлик ва ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришни икки давлат алоқаларидаги энг устувор йўналишлар эканини таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида Шавкат Мирзиёев Чжан Гаолига Ислом Каримовнинг дафн маросимида иштирок этгани учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, бош вазир Ўзбекистон Хитой билан барча соҳаларда алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилишини таъкидлаб ўтди.