Президент сайловларида кам овоз тўплаган давлат раҳбари мамлакатнинг янги президентини эълон қилди.
1 декабрь куни ўтказилган президент сайловлари чоғида 51 ёшли Яйя Жамме Бирлашган демократик партия номзоди Адам Барроуга давлат раҳбари лавозимини бой берди.
Маълум бўлишича, Яйя Жамме умумий овозларнинг 36,7 фоизини, Адам Барроу эса 45,5 фоизини тўплаган.
Марказий сайлов комиссияси раҳбари Алие Момар Ндиайе сайлов чоғида берилган овозларни тўғри, дея тан олганини айтган.
“Адам Барроуга сайловларда иштирок этган 263 518 нафар фуқаро овоз берган ва мен уни Гамбия Республикасининг қонуний равишда танлаб олинган президенти, деб эълон қиламан”, деди Яйя Жамме сайлов натижалари эълон қилингандан сўнг.
Маълумот учун, Гамбия Республикаси – Ғарбий Африкадаги давлат. Мустақиллиги 1965 йил 18 февралда эълон қилинган. Мамлакат Британия Ҳамдўстлигининг аъзоси. Пойтахти – Банжул (собиқ Батерст) шаҳри.
Маъмурий бўлиниши 6 та вилоятдан иборат.
Айни вақтдаги аҳолисининг сони 2 миллион.
Амалдаги Конституцияси 1996 йил 8 августда ўтказилган референдумда қабул қилинган. Конституцияга кўра, Гамбия – Республика.
1994 йил июль ойидаги ҳарбий тўнтариш натижасида аввалги, 1970 йилги Конституциянинг амал қилиши тўхтатиб қўйилган эди. Мамлакатни бошқаришни Муваққат бошқарув кенгаши амалга оширган бўлиб, унинг раиси, капитан Яйя Жамме янги сайлов ўтказилгунга қадар мамлакат президенти этиб тайинланган эди.
1996 йил 26 сентябрда бўлиб ўтган сайловда Яйя Жамме Гамбия Президенти этиб сайланди ва 1996 йил 28 сентябрда у муваққат бошқарув кенгашини тарқатиб юборди.
1997 йил 2 январда парламентга – Миллий мажлисга (депутатларнинг 45 нафари умумий овоз бериш орқали сайланади, 4 нафарини президент тайинлайди) сайлов ўтказилди. Ижро этувчи ҳокимиятни президент ва у тузадиган ҳукумат амалга оширади. Ҳукумат таркибига вице-президент ва президент ҳузуридаги давлат котиблари (вазир даражасида) кирадилар.