




Филиппинда ҳар йили кучли сел келиши ва шамол билан ўтадиган ёмғирлар мавсуми бошланди. Тўфон оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони ортиб бормоқда.
Синоптикларнинг таъкидлашича, тўфон яна бир неча кун давом этиши мумкин. Табиат ҳодисаси туфайли кўплаб авиарейслар бекор қилинган. Архипелагни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда асосий ўрин тутувчи транспорт- йўловчи ва юк ташувчи паромлар фаолияти таъқиқлаб қўйилди.
Ҳукумат берган маълумотларга кўра, денгизда моторли қайиқ ағдарилиши оқибатида 7 киши ҳалок бўлди, 32 кишини эса қутқариб қолишди. Дарахт қулаши ва тоғ кўчиши оқибатида уч нафар, қирғоқ ўпирилиши натижасида яна бир инсон ҳалок бўлди.
Бундан сал олдинроқ, ҳалок бўлганлар сони 4 та эканлиги ҳақида хабар берилган эди. Синоптикларнинг маълумотларига кўра, тўфон Аурора провинциясидаги Касигуран шаҳрида тоғ кўчишини келтириб чиқарган, шундан сўнг шамол тезлиги бироз сусайган. Аммо тўфон соатига 5 километр тезликда мамлакатнинг шимолий-ғарбий томонига қараб ҳаракатланмоқда.
Жума куни мамлакатдаги кучли шамол ҳақида огоҳлантириш кўрсаткичи ўзининг энг баланд “қизил” нуқтасига етганидан сўнг Аурора ва Изабела провинцияларидаги аҳоли эвакуация қилинган эди.
Мана шу каби тўфон ўтган йилнинг декабр ойида ҳам кузатилган эди. Ўшанда тўфон оқибатида энг камида 18 киши ҳалок бўлган ва яна юзлаб инсонлар зарар кўрган эди.
Эслатиб ўтамиз, Филиппинда ҳар йили июн ойидан декабр ойигача ёмғир мавсуми кузатилади. Мана шу вақт оралиғида мамлактда кучли ёмғир ёғиши ва шамол эсиши натижасида бир неча маротаба тўфон юзага келади. Мамлакат тарихидаги энг кучли тўфон 2013 йилда бўлган. Ўшанда “Йоланда” тўфони (халқаро классификация бўйича-“Хайянь”) 1,1 миллионта уйга зарар етказган, 8 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган ва изсиз йўқолган эди.