...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фалсафа ва жанг санъатининг “ола-­була мамлакати”га саёҳат қилганмисиз?


13:07, 20.10.2017 Бу қизиқ
 2 587

Абу Райҳон Беруний, Абдураззоқ Самарқандий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларнинг асарларида шоҳмот (шатранж) ўйинига оид қимматли маълумотлар бор...

Олимлар шахмат, яъни шоҳмот ўйинининг ёши 1,5 минг йилдан кам эмас, деб ҳисоблайдилар. Мазкур ўйиннинг пайдо бўлиш ва ривожланиш тарихи бўйича икки-уч хил фикрлар мавжуд: “ҳиндлар”, “византияликлар”, “марказий осиёликлар” ва бошқа тахминлар...
 
Тасдиқланган илмий маълумотларга кўра, шоҳмотнинг дастлабки кўриниши — “чатуранга” эрамизнинг VI асридан кам бўлмаган даврларда Ҳиндистонда пайдо бўлган.
 
Кейинчалик бу ўйин савдо карвонлари орқали тарқалиб, Арабистон яриморолидаги мамлакатларда “шатранж”, бундан ташқари, Жануби-шарқий Осиёда — “сянци” (асосан Хитойда), “макрук” номи билан Таиландда, “сёга” номи билан эса Японияда маълум ва машҳур бўлди.
 
Олимларнинг фикрича, шатранж ўйини IX–X асрларда марказий осиёлик ва арабистонлик савдогарлар орқали Европа ва Африка қитъаларига тарқалган. Айрим тахминларга кўра, европалик ишқибозлар ўйинни такомиллаштириш учун бирмунча янги қонун-қоидаларни жорий этади. XV асрга келиб ҳозирги “классик шоҳмот” ўйинининг мукаммал қоидалари қайд этила бошланган.
 
XIX асрга келиб эса шоҳмот ўйинининг мукаммал қоидали аниқ тўхтамига келинди. 1886 йилдан шоҳмот бўйича жаҳон чемпионатлари ўтказилиши йўлга қўйилди.  1924 йилдан Халқаро шахмат федерацияси ўз фаолиятини юрита бошлади.  
 
Юқоридаги фикрлар олимларнинг илмий далиллари орқали ўйин ҳақида ёзилган “таржимаи ҳолда” тилга олинган маълумотлар. Бироқ шоҳмот тарихи илмий ва ижодий изланишларга кўра жуда қадимий ўйиндир.
 
Гулистон давлат унверситети татқиқотчиси У. Холиқовнинг фикрича, ҳинд халқининг буюк кашфиётларидан бири шахмат — ўзининг беш минг йиллик тарихига эга.
 
Ўзбекистон тарихига оид манбаларда ҳам унинг ёши минг йилдан кам эмас, деб таъкидлайди ёш олим. Масалан, Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Лисон ут-тайр”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” каби тарихий асарларда шоҳмот (шатранж) ўйинига оид қимматли маълумотлар бор.
 
Ўзбекистон заминида шоҳмот ўйини чуқур илдиз отганини тасдиқловчи археологик манбалар ҳам мавжуд. 1972 йилда Далварзинтепада олиб борилган археологик қазилмалар вақтида Кушонлар даврига оид шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёбда ўтказилган тадқиқотлар чоғида VII–VIII асрларга тааллуқли 7 та шахмат донаси топилган.
 
Темурийлар даври маданиятида ҳам шахмат ўйини ўзига хос ўрин тутган. Амир Темур даврида кучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишган. Табризлик Али аш-Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) Самарқандда ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиққан.
 
У Соҳибқироннинг ўзи билан ҳам шатранж ўйнаб турган.
Амир Темур шахмат ўйинига ишқибоз бўлгани кўп бора қайд этилган. Тарихий манбалардан берилган маълумотларга қараганда, “бу ўйинда юксак санъатга эришган” Амир Темур билимдонликда ҳам ўз суҳбатдошларини таажжубда қолдирган экан.
 
Хондамир ўзининг “Ҳабиб ус-сияр фи ахбори афродил башар” асарида XIV асрнинг иккинчи ярмида Табризда, кейнчалик Эрон ва Озарбайжонда яшаган Ҳожа Али Табризийни ўша даврда шуҳрат топган  шахматчи сифатида таърифлайди: “..У шатранж илмидан шунчалик воқиф эдики, уни устод деб атардилар. Ҳатто ғойибона ҳам худди ҳозиронадек гўзал ўйнарди. У Амир Темур мажлисларида ҳамиша ўйнарди”. (Абулфатҳ Аҳмад, “Рисолаи шатранж” (форсча), Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти фонди, № 8141).
 
 
Ибн Арабшоҳнинг 1436–1437 йилларда ёзган “Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” (“Темур тарихида тақдир ажойиботлари”) асарида XV аср Самарқанд шахматчилари ва, умуман, шахмат ҳақида баъзи баҳслар ва ҳикоялар келтирилган. Жумладан амир Темурни шахмат ўйнаши ҳақида: “...Темур ҳар ҳандай ҳунар ва касб бўлмасин, агар унда бирон фазилат ва шарофат бўлса, шу касб эгаларига ғоятда меҳр қўйган эди. У табиатан масхарабоз ва шоирларни ёқтирмас, мунажжиму табибларни (ўзига) яқин тутиб, улар гапларига эътибор қилар ва сўзларини тингларди. Ўз фикрини пешлаш мақсадида у муттасил шатранж ўйнарди. Унинг қиммати кичик шатранждан (уйнашдан) олий бўлиб, у катта шатранж ўйнарди. Бу шатранж тахтасининг эни ўн бир (хона), бўйи ўндан (хонадан) иборат эди. Унда ортиқча икки туя, икки жираф, икки талийъа (олдинги), икки зубаба (чивин), вазир ва булардан бошқа тошлар бўлиб, унинг (аниқ) сурати кейинроқ келади. Кичик шатранж катта шатранжга нисбатан арзимас нарсадир”, деб ёзади.
 
Қадимий шатранж-шахмат маданиятининг юксалишига Алишер Навоий маълум даражада ҳисса қўшганлигини ва бу соҳанинг илғор вакилларини ўз қаноти остига олиб, уларга раҳнамолик қилганлигини бошқа тарихий манбалардан ташқари, мутафаккирнинг ўз асарларидаги маълумотлар ҳам тасдиқлайди. “Мажолисун-нафоис” асаридаги «Шатранжи кабир ҳикояти» шулар жумласидандир.
 
Азиз ўқувчи, келинг, энди шахмат, яъни шоҳмот ўйинига тааллуқли қисқа маълумотлар тўплами билан танишамиз:
 
  • шоҳмот милоднинг дастлабки асрларида Ҳиндистонда пайдо бўлган;
 
  • ўйиннинг 32 та тоши: 16 тадан қора ва оқ доналари бўлиб, шоҳмот тахтаси 64 катакдан иборат;
 
  • шоҳмот тахтасидаги доналарнинг жойлашиш тартиби ва даражаси жанг майдонида жангчиларнинг жойлаштирилишига ўхшайди;
 
  • шоҳмот Европа қитъасида пайдо бўлганида насроний черков руҳонийлари томонидан қаттиқ қораланган. Ушбу ўйинга аҳлоқсиз, алдоқчи ва қимор ўйини сифатида қаралган ва уни ўйнаш тақиқлаб қўйилган. Фақатгина 1393 йилдан сўнг шоҳмот ўйнашга рухсат беришган;
 
  • 1883 йилда ҳаваскор Вильсоннинг ихтироси — биринчи шоҳмот соати пайдо бўлди;
 
  • 1906 йилда Германиянинг Нюрнберг шаҳрида шоҳмот бўйича йирик мусобақа ўтказилди. Бироқ бу мусобақада ўйин вақти чегараланмаган эди;
 
  • шоҳмотда “тегиндингми, энди юр” деган ибора мавжуд, бу — агар шоҳмотчи ўз доналаридан бирига тегинса (ушласа), уни юриши, агар у рақиб томоннинг донаси бўлса, уни олиши лозим;
 
  • шоҳмотчи ўйин давомида қайси қўли билан юрса, ўшаниси билан шоҳмот соатининг тугмасини босиши талаб этиларкан;
 
  • шоҳмот ўйини уч қисмдан: дебют — ўйиннинг боши, миттельшпил — ўйиннинг ўртаси ва эндшпил — ўйиннинг хотима қисмидан иборат.
 
  • “шоҳмот” сўзи форсий ўзакли сўз бўлиб, “қирол ўлди”, яъни “шоҳ мот бўлди” деган маънони беради;
 
  • 20 июль — шоҳмот куни. У 1924 йилдан бери нишонланади.
 
Азиз муштарий, Сиз-чи, Сиз шахмат спорт турига, шоҳмот ўйинига қизитқасизми? Фалсафа ва жанг санъатининг “ола-­була мамлакати”га саёҳат қилганмисиз?
Улуғ БЕК

Теглар:Шахмат спорт турининг айрим қоидалари Шоҳмот тарихи Шахмат ўйини 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!