...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эрдўғаннинг бармоқларида уч сир бор!


20:26, 02.04.2018 Бу қизиқ
 15 188

Ражаб Тойиб Эрдўған халқ орасига бош бармоғини кафти орасига букиб, қолганларини кўтарганча силкитиб кириб борди. Аслида унинг бу ишорани қўллаётганига 5 йил бўляпти.

1 апрель куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатнинг жанубий қисмида жойлашган Хатай вилоятига ташриф буюрди. У халқ билан учрашувга яна бош бармоғини кафти орасига букканча, қўлларини силкитиб кириб борди. Аслида унинг бу ишорани қўллаётганига 5 йил бўляпти.
 
Туркия раҳбарининг бу ҳаракати бутун дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортмай қолмаяпти. Кимдир қўлининг икки бармоғини, яна кимдир беш бармоғини кўрсатиб, ишора қилиши одатга айланган. Ҳатто, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам сайловолди учрашувлардан бирида икки бармоғини кўрсатган эди. Хўш, Президент Эрдўғаннинг тўрт бармоқли ишорасида қандай маъно бор..?


 
Бугунги ахборот асрида бутун дунёда тарғибот ва ташвиқот, пиар жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Керак бўлса, айрим давлат  раҳбарларининг фаолияти улар атрофидаги “пропаганда” билан ўлчанмоқда. Албатта, АҚШ бу борада етакчи, 2016 йилда ўтган сайловда ҳам бу ўз аксини топган эди.
 
Ҳозирда АҚШ раҳбари лавозимида фаолият юритаётган Дональд Трамп ва номзод Ҳиллари Клинтоннинг ҳар бир хатти-ҳаракати, айтадиган гапи сайлов кампаниялари томонидан пухта ўйлаб чиқилган. Ҳар қандай яхши ва ёмон муҳокама ҳам улар номининг тилга олинишига, тарғибот ўз натижасини кўрсатишига сабаб бўлди.
 
Бу йил Россияда ўтган Президент сайловига эътибор қаратсак: сайловгача бўлган жараённинг қизиқ бўлиши, рақобат, очиқлик ва ошкораликнинг намоён бўлиши ва сиёсатчидан тортиб, оддий одамнинг ҳам эътиборини тортишда Жириновский ва Собчак муҳим роль (!) ўйнади. Уларнинг оғзидан чиққан ҳар бир гап, ОАВда навбатдаги жарангдор сарлавҳага айланди.
 
Авваллари дунё сиёсати ҳақида сўз очилса, держава давлатлар – АҚШ, Россия, Хитой кўп тилга олинар эди. Ҳозир номдор арбоб бўладими ёки оддий дўкондор, ким дунё сиёсатидан муҳокамага киришса, Туркияни эсламай ўтмайди. Эрдўғаннинг фаолияти ва уни очиб беришга ҳаракатилган пиар жамоа ўз ишини муфаввақиятли бажармоқда.  
 
Шу ўринда Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг тўрт бармоқли ишораси келиб чиқиш тарихи ва унга боғлиқ воситаларга эътибор қаратсак.
 
2013 йил Яқин Шарқ, араб мамлакатлари, хусусан, Мисрда рўй берган фуқаролик уруши, давлатга қарши тўнтариш даврида Президент Муҳаммад Мурсий лавозимидан ағдарилди. Унинг ўрнига Мудофаа вазири сифатида фаолият юритган Абдул-Фаттоҳ Ҳалил Ас-Сиси келди.
 
Мисрда рўй берган давлат тўнтаришидан сўнг, тинч аҳоли вакиллари намойишга чиқди. Улар дунё ҳамжамиятининг эътиборини Мисрга қаратиш учун намойишлар тимсоли сифатида  қўлнинг тўрт бармоқли кўринишини танладилар.  Бу эса намойишларда, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда оммалаштирилди.
 
Мисрда собиқ Президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари намойиши Робия Ал-Адавия майдонида ўтказилган. Робия эса араб тилида “тўртинчи” деган маънони англатади. Мурсий эса мамлакатни бошқарган тўртинчи Президент эди. Шу боис намойишчилар бош бармоқларини букиб, қолганларини кўтарган ҳолатда акция ўтказдилар. Интернетда, хусусан Twitter’да #R4BIA хэштеглари пайдо бўлди.  Биргина Instagram’да эса ушбу ҳэштег билан 50 мингга яқин хабар қолдирилган.
 
Робия Ал-Адавия VIII асрда Яқин шарқда, ҳозирги Ироқ ва Сурия ҳудудларида яшаган бўлиб, у оилада тўртинчи фарзанд бўлган. Робия тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири эди. Робия болалигини қулликда ўтказади ва қочоқликдан сўнг озод бўлади. У Мисрда озодлик тимсоли сифатида тарихда қолган ва тасаввуфда Робия Адавия йўналишига асос солган.
 
Мисрдаги тўнтаришлар даврида Туркия Республикасининг ҳозирги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Бош вазир лавозимида фаолият юритар эди.
 
Тойиб Эрдўған 2013 йилнинг 17 август куни Бурсада халқ билан учрашувдаги чиқишида қўлининг бош бармоғини кафт орасига букиб, қолганларини кўтарган ҳолда силкита бошлади ва минглаб аҳоли билан шу ҳолатда саломлашди. Ўша вақтлар бутун ОАВнинг, хусусан араб матбуотининг эътибори Эрдўған қолиб, унинг қўлларига қаратилди. Газеталарда унинг Мисрдаги тўнтаришларга қарши экани, тинч аҳоли ва Муҳаммад Мурсий ҳокимияти  тарафидалиги ёзилди.
 
Эрдўған ОАВнинг тахминларига баҳо берар экан, “Бу ишоранинг Мисрдаги воқеалар ва Мурсий ҳокимиятига алоқаси йўқ. Тўрт бармоқли ишора Муҳаммад Мурсий қамоққа кирганидан кейин пайдо бўлган”, деган эди.
 
Орадан кўп ўтмай, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған тўрт бармоқли ишорасига янги изоҳ киритди.
 
“Робия ишорасини бир миллат, бир байроқ, бир Ватан, бир давлат маъносида қўллаяпман”.
 
Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг айтганлари – миллат, байроқ, Ватан, давлат Туркиянинг тарихий ва замонавий давлатчилигида, сиёсий тузумида энг асосий омиллардан саналади.
 
Биз Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг тўрт бармоқли ишорасига кўпчиликка маълум бўлган икки кўринишда таъриф бердик. Яна бир сирли жиҳат бор. Эътибор берсангиз, юқорида айтилган ҳаракат араб алифбосида Аллоҳ номининг ёзилиши шаклига ўхшаш. Балки, Эрдўған ўзи юритаётган сиёсатда Исломнинг устувор эканини шу йўл билан намойиш этмоқчи бўлгандир...
Қамариддин Шайхов,
"Qalampir.uz" интернет нашри раҳбари

Теглар:Ражаб Тойиб Эрдўған 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!