...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эрдўған Путин билан учрашиш истагида, Путин эса...


01:47, 01.02.2016 Олам
 9 111

Эрдўған Путин билан учрашиш таклифини билдирди. Путиндан эса ҳануз жавоб йўқ. Су-24 воқеаси икки давлат ўртасидаги кўп йиллик ришталарни узиб юборган эди. Су-34 вазиятни янада чигаллаштирмоқда.

2015 йил 24 ноябрда Россиянинг Су-24 ҳарбий самолёти Туркия чегараси яқинидаги Латакия шаҳри ҳудудида уриб тушурилгани дунё аҳлининг эътиборини Сурия мавзусидан Туркия-Россия муносабатларига қаратишига сабаб бўлди. Расмий Анқара Су-24нинг уриб туширилишини самолётнинг Туркия ҳаво чегараларини кесиб ўтганлиги билан изоҳланган эди. Бу воқеадан сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар, турли соҳалардаги алоқалар кескин ёмонлашиб, Россия Туркияга иқтисодий санкция эълон қилди.

2016 йил 29 январь куни Туркия ҳукумати Россиянинг Су-34 қирувчи самолёти яна унинг ҳаво чегараларини кесиб ўтгани ҳақида жаҳон оммасига маълум қилди. Туркия Ташқи ишлар вазирлигинининг хабар беришича, жума куни маҳаллий вақт билан соат 11: 46 да, Россиянинг қирувчи самолёти Сурия билан чегара ҳудудда Туркия ҳаво чегарасини кесиб ўтган. Россия ҳаво кучлари рус ва инглиз тилларида берилган бир қанча огоҳлантиришларга парво ҳам қилмаган. Бу ҳақда “bbc.com” маълум қилди.

Бу воқеадан сўнг, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Россиянинг Анқарадаги элчисига қаттиқ норозилик билдирилган. Россия Мудофаа вазирлиги Туркия ТИВининг мазкур арзномасига нисбатан рад жавобини берди. Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игор Конашенков баёнот беришича, Россиянинг қирувчи самолёти Туркия чегараларини кесиб ўтмаган ва бу қуруқ сафсатадан иборат пропаганда ҳисобланади. “Rbs.ru”нинг ёзишича, “Мен аминманки, турк ҳаво ҳужумига қарши мудофаа мутахассислари ҳаво бўшлиғини назорат қилувчи радиолокация станциялари (радарлар) ҳаводаги жисмнинг баландлиги, йўналиши ва тезлигини аниқлай олишини яхши билишади. Бунга ўхшаган радарларнинг бирортаси ҳам ҳаводаги жисмнинг турини ва қайси давлатга тегишли эканини белгилаб беролмайди”, – деб изоҳ берган Конашенков.

Мудофаа вазирлиги вакилининг таъкидлашича, самолётнинг қайси давлатга тегишли эканини, фақат бошқа самолётдан тўғридан-тўғри кузатиш орқали билиш мумкин, лекин воқеа бундай бўлмаган.

Турк интернет нашри “Dailysabah.com” нинг маълум қилишича, Россиянинг қирувчи Су-34 самолёти Туркиянинг Ғозиантеп шаҳри жануби-шарқида 20-25 секунд давомида мамлакат ҳаво чегарасида бўлган ва чиқиб кетган.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Россияни Туркия ва НАТО ҳаво чегараларини бузмасликка чақирмоқда, акс ҳолда Россия томонидан қилинаётган бу ҳаракатлар, унга қимматга тушиши мумкин, деб огоҳлантирилди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан шахсан учрашиш истагида эканини билдирмоқда, дея хабар беради “Reuters” ахборот агентлиги.

“Мен Туркия Ташқи ишлар вазирига жаноб Путин билан шахсан учрашиш истагида эканимни этказишини сўрадим. Ҳозирча жавоб олмадим”, – дейди Эрдўған.

Маълумотларга кўра, Туркия Президенти Тойиб Эрдўған Владимир Путин билан Россиянинг Су-34 қирувчи самолёти Туркия чегарасини босиб ўтгани ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлиги борасидаги масала юзасидан учрашишни истаган.

Юқорида кўриб ўтганимиздек, Россия ва Туркия расмийлари бир-бирининг фикрларини рад этмоқдалар. Шу ўринда бўлиб ўтган воқеа юзасидан АҚШ Мудофаа вазирлиги – Пентагон вакили “Биз бўлиб ўтган воқеадан шундай хулосага келдикки, яна бир рус ҳарбий самолёти Туркия ва НАТО ҳаво чегараларини бузиб ўтган ”, – дея АҚШ мазкур вазиятда Туркияни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

“Биз Россияни Туркия ҳаво чегараларини ҳурмат қилишга чақирамиз, бундай ҳаракатлар Яқин Шарқдаги шундоқ ҳам беқарор бўлган вазиятни янада кескинлаштиради. Турклар ва руслар бу масалада бир-бирлари билан гаплашиб олишлари ва муносабатлардаги кескинликка қарши чоралар кўришлари керак”, – дейди Пентагон вакили. Бу ҳақда “Ria.ru” маълум қилди.

Демак, АҚШ Туркияни Россия билан музокаралар столи атрофига ўтиришга чақирмоқда. Бундан келиб чиқадики, АҚШ бўлиб ўтган воқеани НАТО даражасига олиб чиқмоқчи эмас, муаммонинг икки томонлама келишув асосида ҳал қилиниши тарафдори.

Су-24 воқеаси икки давлат ўртасидаги кўп йиллик тарихга эга ришталарни узиб юборган эди. Су-34 эса вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Яқин йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар яна тикланиб, ўз ҳолига қайтишини тасаввур қилиш ҳам қийинлашиб қолди. Энг ёмони икки мамлакатнинг жиғибийрон расмийлари ва улар қўллаётган санкциялар таъсирида оддий одамлар зарар кўради. Бу эса миллатлар ўртасидаги кўп йиллик дўстона муносабатга путур етказиб, ўртада ишончсизликни келтириб чиқариши турган гап.

Россия Суриядаги ҳарбий ҳаракатларини давом эттирар экан, унга чегарадош Туркия ҳаво ҳудудига рус ҳарбий самолётлари (тасодифан ёки атайин) кириб қолиши давом этмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Эрдўған билан Путиннинг музокара столи атрофига ўтиришлари эҳтимоли эса жуда оз. Вазият шу зайл давом этаверса, ОАВ орқали икки давлат ўртасидаги ахборот уруши аввалгидан-да кучайиши тайин.

Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.
Руслан Cулаймонов

Теглар:Туркия Россия Владимир Путин Тойиб Эрдўған АҚШ Пентагон Су-24 Су-34 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!