Икки давлат орасидаги муносабатларнинг кескинлашувига Су-24 самолётининг уриб туширилиши сабаб бўлган эди.
10 октябрь куни Истанбулда Россия ва Туркия мамлакати раҳбарларининг расмий учрашуви ўтказилди.
Учрашувда Путин ва Эрдўған Россия-Туркия муносабатларини юмшатиш, шунингдек, ҳудудий ва дунё ҳаётига боғлиқ масалалар, биринчи навбатда, Суриядаги ҳолат борасида фикр алмашган. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга хабар берган.
“Unian.net”нинг ёзишича, икки давлат биргаликда Сурия, хусусан, Алеппо шаҳри аҳолисига ёрдам бериш стратегиясини ишлаб чиқишга келишиб олди. Бундан ташқари, Туркия ва Россия Қора денгиз остидан “Туркия таъминоти” газ тармоғини қуриш бўйича келишув имзолаган.
Учрашув якунидаги матбуот анжуманида Путин ушбу учрашувдан мамнун бўлганини таъкидлади. Эрдўған ҳам, ўз навбатида, муносабатларнинг яхшиланиши ҳар соҳада олиб борилишини айтиб ўтди.
Оз бўлсада келишишга қарамай, Москва ва Анқаранинг қарашлари бир қатор масалаларда турлича қолмоқда. Бу биринчи навбатда, Сурия масаласида кўзга ташланади.
Икки давлат орасидаги муносабатларнинг кескинлашувига Су-24 самолётининг уриб туширилиши сабаб бўлгани, бу учун Эрдўған Россиядан узр сўрагани, давлат раҳбарининг қилган ишини ёқтирмаган айрим ҳарбийлар Туркияда инқилоб қилишга уринганидан хабарингиз бор.
Сайтимизда ҳам мазкур мавзуга оид кўплаб хабарлар билан танишгансиз. Эндиликда икки давлат ўртасидаги муносабат аста-секин юмшаб бормоқда. Бироқ ҳанузгача оралиқ масофа сақланиб турибди.
Кўрамиз, бу масофа қачон ва қанчага қисқаради. Қисқарармикин..?