“Ниҳол” мукофотини қўлга киритган ижодкорларнинг қўшиқ ва клиплари ҳар куни бир мартадан радио ва телеканалларда бепул эфирга узатилади.
Мукофотнинг нуфузини янада ошириш, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг келгусидаги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўртасида қўшма меморандум имзоланди.
Мазкур меморандумга биноан, эндиликда “Ниҳол” мукофотини қўлга киритган ижодкорларнинг қўшиқ ва клиплари ҳар куни бир мартадан радио ва телеканалларда бепул эфирга узатилади. 2017 йилга қадар “Ниҳол” мукофотини қўлга киритганлар ушбу имтиёздан мустасно.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 3 ноябрдаги “Ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофоти танловини ташкиллаштириш ишларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ танлов ҳар икки йилда бир марта ташкил этилмоқда.
Бугунгача ушбу мукофот билан тақдирланганларнинг 1 нафари Ўзбекистон халқ артисти, 22 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 6 нафари Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари ва 3 нафари “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. 1 нафари “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали ЮНЕСКО совриндори бўлган.