2015 йилда ҳар саккиз одамдан биттаси 60 ёш ва ундан катта бўлса, 2030 йилга бориб ҳар 6 кишидан бири 60 ёш ва ундан катта ёшли кишиларни ташкил этади.
Жаҳонда 60 ва ундан юқори ёшдаги одамлар 2030 йилда 16,5 фоизга ва 2050 йилда 22 фоизга етиши кутилмоқда.
Дунёда туғилишлар сони камайиб, Ер аҳолисининг “кексайиш жараёни” давом этмоқда.
БМТ томонидан 2015 йилда эълон қилинган ҳисоботга кўра, 60 ва ундан юқори ёшдаги одамлар сони сезиларли даражада ошмоқда. Келгуси йилларда ушбу рақам янада ортиши кутилмоқда.
2015 йилда дунёда 60 ёшдан ошганлар сони 900 миллион нафарни ташкил қилган. Бу рақам 2030 йилда 1,4 миллиардга ва 2050 йилда 2 миллиардга етиши кутилмоқда. 2050 йилга келиб 80 ёшдан юқори бўлганлар сони дунёда 434 миллионни ташкил этиши мумкин.
БМТ маълумотларига кўра, 2015 йилда ҳар саккиз одамдан биттаси 60 ёш ва ундан катта бўлса, 2030 йилга бориб ҳар 6 кишидан бири 60 ёш ва ундан катта ёшли кишиларни ташкил этади.
Дунёда кексалар сони 2030 йилгача 0 дан 9 ёшгача бўлган болалар ва 2050 йилга қадар ёши 10 дан 24 ёшгача бўлган болалар сонида ортиб кетиши тахмин қилинмоқда.
Япония дунёда кекса ёшли аҳолига эга мамлакатлар рўйхатини “бошқармоқда”. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 2016 йилда Японияда 100 ёшда ошган аҳоли сони 65 минг кишини ташкил этган.
127 миллион аҳолига эга Японияда умумий аҳолининг 33% ини 60 ёшдан юқори кишилар ташкил этади. Бу кўрсаткич 2050 йилга бориб 40 % дан ошиши кутилмоқда.
Бу ҳолат Европа давлатларида ҳам кузатилмоқда, хусусан, Германия аҳолисининг 28 % и ҳозирда 60 ёшлик давондан ошганлигини кўриш мумкин.
Шунингдек, Финландия, Италия, Португалия, Франсия, Дания ва Болгария каби қатор мамлакатларда ҳам “аҳоли қариши” кузатилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ер аҳолисининг қариш жараёни шу суръатлар давом этса, дунё янги бир глобал муаммога дуч келади.
Натижада, дунёдаги айрим мамлакатларида ишга яроқли аҳоли сони камайиб, баъзи давлатларда сайёрамизнинг бошқа ҳудудларидан миграцион кўчишлар ортиб кетади.
Бу ҳолат айрим миллатларнинг таназзулига сабаб бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.