— Ишончингизни суистеъмол қилишганми?
— Жуда кўп. Одамларга қўлимдан келганча яхшилик қилишга, ўзимдаги нарсани атрофимдагилар билан баҳам кўришга ҳаракат қиламан-у ҳар доим ҳам арзирли жавоб олавермайман. Нолимайман. Буни ҳаёт дейишади. Биров мени алдаб, ишончимга оёқ қўйдими ўша одам билан қайта рўбаро бўлмасликка ҳаракат қиламан.
— Йиллар давомида тўплаб, яхши ниятлар билан тўй қилдингиз. Энг яқинларингизни жамладингиз. Тўйингиздаги видеоларни бегонамас, атрофингиздагилар чиқарди. Алам қилдими?
— Йўқ. Улар тузимни еб тузлиғимга тупурди. Ўша видеоларни тарқатганлар кимлигини ҳам билдим. Яратганнинг ўзи шу йўл билан уларнинг асл юзи қандайлигини кўрсатиб қўйди. Ачинмадим! Юрагимга ҳам олмадим. Фақатгина одамларнинг йўқ жойдан ўйлаб топаётган бўхтонларидан кулдим холос.
— Йўқ жойдан? Ахир тўйда қудангизга севаман деганингиз рост-ку
— Севги деганда фақат ишқ-муҳаббатни тушунилмайди-ку. Қудаларим билан 30 йиллик танишмиз. Қариндошдек бўлиб кетганмиз. Қани айтингчи, қайси қайнона келинининг ота-онасига эл юртнинг олдида таъзим қилади? Ким раҳмат айтади? Мен ўз тўйимда, қизини 19 йил авайлаб асраб, қўлимга топширган қудаларимга таъзим қилсам, уларга сизни севаман десам бунинг нимаси ёмон? Мен бировнинг оиласини бузиб эрини тортиб олишни, бировга жазман бўлишни, бировнинг ҳаққини ейишни, дилозорликни гуноҳ деб биламан. Лекин яхши одамларни севишни, уларга сизни севаман деб айтишни гуноҳ санамайман.
— Ўғилларингиздан уялмадингизми?
— Нега уялай? Шунча йил уларнинг бошини эгадиган иш қилганим йўқ. Қилмайман ҳам. Хиёнатни кечиролмай турмушимдан ажралдим. Бор аламимни ишдан олдим. Ўғил қизимни оёққа қўйиб, ўқитдим, уйли жойли қилдим. Кимнингдир жазмани бўлмадим. Холбуки бировнинг оиласини бузиб юрган санъаткорлар камми? Лекин уларни ҳеч ким гапирмайди, айбдор ҳам қилмайди.
— Дангал аёлсиз. Бу видеоларни тарқатганларга ўз вақтида жавоб қайтармадингизми? Ё бу Дилфузанинг қуйилганидан далолатми?
— Мен ташқаридан шўх, шаддод кўринганим билан кўчама-кўча айш-ишратда, ресторанма-ресторан юрган аёлмасман. Шунинг учун қуйилдингизми деган саволлингиз бироз ноўриндек. Ўша одамларга жавоб қайтаришни ўзимга эп кўрмадим. Худога солдим! Одам пичоқни аввал ўзига, оғримаса бировга уриши керак.
— “Ўз тўйимда ўйнашга, истаганимни айтишга ҳаққим йўқми” деяпсиз-у лекин одамлар сизни қоралаб тургандан кейин шу жамиятга мослашиб яшаш керак эмасми? Санъаткорсиз, бошқалар сиздан ўрнак олади.
— Қаерда ёзилибди санъаткордан ўрнак олинглар деб. Бу дунёда идеал, нуқсонсиз одамнинг ўзи борми? Ростини айтсам ўзимга келиб тўйингизда саҳнага чиқиб бекор шундай қилибсиз деган одам бўлмади. Чунки, одамлар менинг қандайлигимни, гап сўзим қанақалигини билади. Агар концертда ёки саҳнада бирор ножўя ҳаракат қилганимда танқид қилишса индамасдим.
— Пулим бор, уй-жойим бор деб гапирдингиз. Тўйингиздаги қимматбаҳо совғалар, ҳатто ширинликлар ва таомлар учун хориждан махсус тоғоралар олиб келганингизгача тилга тушди. Шунча дабдаба керакмиди?
— (кулиб) Тавба одамлар ҳудди тепамда гувоҳ бўлиб тургандек гапиради-я. Давлатимиз ҳамма шароитни яратиб қўйган, президентимиз айтдилар, чиройли уйлар қуринглар, гўзал ҳаёт кечиринглар деб. Нима қилибди боримни тўплаб эл олдига дастурхон ёзсам. Лозим бўлмаса ҳам айтаман. Одамлар айтган хорижнинг махсус тоғорасини маҳалламизнинг бошидаги дўкондан 250 минг сўмга ижарага олгандим. Одамларга қўйиб берсангиз нималар дейишмайди. Бир пайтлар мени Дубайлик Шайхнинг хотини дейишганди, кейин бутун маҳаллани сотиб олибди дейишди. Эшитсам кулгим келади.
— Тўйлардаги рақсларингизни роса танқид қилдик. Одамлар эътироз билдирди. Хулоса чиқармадингиз...
— Ҳозир анча ўзгарганман.
— Мен ўзимга тўғриман, ёмон иш қилмаяпман деганингиз истаганимни қилишим мумкин деганимас-ку.
— Истаганимни қиламан деб нима қиляпман? Станиславский айтган: Саҳнада оммани ўзига жалб қила олган санъаткор - ҳақиқий санъаткор! Одамларга ҳайронман. Жим, рақсга тушмасдан бир ерда туриб ашула айтадиган санъаткорларимизни шунча пулни нега оляпти, рақсга тушиб бошқаларни ҳам ўйнатмайдими дейишади. Рақсга тушсанг бачканаликда айблашади. Хўш нима қилиш керак?
— Санъатда ҳозир йўқ бўлиб кетиш ҳеч гап эмас. Рақобат кучли.
— Мен йўқ бўлиб кетишдан қўрқмайман. Аксинча фарзандларим қўлимдан ишимни олган куни ўзим санъатдан кетаман.
— “Тошкентнинг шўх қизиман”дан бошқа хит бўлган, одамлар тилига тушган қўшиғингизни билмайман.
— Хит қўшиқ қилишга ҳаракат ҳам қилмайман. Манаман деган юлдузларингиз куйлаётган хит қўшиқларнинг тагини суриштирсангиз ё Туркия ёки Озарбайжонники бўлиб чиқяпти. Хит бўлмаса-да ўзимникидан қўймасин.
— Турмушнинг муштини тотган, кемтигини кўрган аёлсиз. Бахтлимисиз?
— Ҳар бир ота-онага фарзандларининг роҳатини кўриш, набираларининг қуршовида азиз бўлиб ўтириш насиб қилсин. Кимнинг ортидан гапиришмайди. Ким ғам чекмайди? Ким қийинчилик кўрмабди? Энг муҳими ҳаммасини ёруғ юз билан босиб ўтайлик. Халқимиз жуда чиройли яшаяпти. Топганинига уй қуряпти, тўй қиляпти. Бу ҳам бўлса тинчлигимиздан далолат. Ана шу кунларимизга кўз тегмасин!