Август ойида аниқланган жиноят юзасидан суд бир қатор чақалоқфурушларни жазолади.
Моддий жиҳатдан танг аҳволда бўлган аёлларни янги туғилган чақалоғидан воз кечишга кўндирган акушер Аноргул Епенова 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, чақалоқларни бошқа оилаларга ҳужжатлаштириб берган юрист ҳам 7,5 йилга қамалди. Фарзандини сотишга розилик билдирган аёл эса 5 йилга панжара ортига кирган. Маълум бўлишича, айни вақтда у яна ҳомиладор.
Маълумот учун, чақалоқлар устидан олди-сотди ишлари ҳақидаги жиноят шу йилнинг август ойида очилганди. Ушбу жиноятни очиш мақсадида полиция ходимлари ҳаридор ролига киришганда, “сотувчи”лар чақалоқ эвазига 1,5 миллион тенге миқдоридаги маблағни сўрашган.
Полициянинг айтишича, ўз фарзандини сотиш учун одатда кам таъминланган оилалардан бўлган аёллар рози бўлишади. Гўдакларни эса, аксинча, бадавлат, аммо фарзанди бўлмаган оилалар сотиб олишади. Айни жиноятни очиш чоғида 2 гўдакнинг йўқолгани, яъни сотиб юборилгани, 1 марта эса чақалоқни сотишга уруниш ҳолати аниқланди.