Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Президенти Чо Чунг Вон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди.
Мусобақада ўттиздан зиёд давлатдан беш юздан ортиқ кучли даян усталари иштирок этди. Улар совринли ўринлар билан бирга 2020 йили Японияда бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма очколари учун кураш олиб бордилар.
Нуфузли мусобақа баҳонасида Тошкентга ташриф буюрган Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Президенти Чо Чунг Вон Миллий олимпия қўмитасида ҳам меҳмон бўлди.
Мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимовлар кутиб олишди.
Анжуманлар залида Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси ва Бутунжаҳон таэквондо федерацияси раҳбарлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Унда сўнгги пайтларда Ўзбекистонда таэквондони янада ривожлантириш ва ёшлар ўртасида оммавийлигини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилгани, бунинг натижасида Тошкентда таэквондо Маркази бунёд этилганига алоҳида урғу берилди.
Ўзбекистон таэквондо Ассоциациясига қарашли “Универсал” спорт мажмуаси бугун спортнинг кўплаб турлари бўйича ҳар қандай нуфузли мусобақаларни қабул қилишга тайёрлигини, унинг қурилиши Ўзбекистонда спорт соҳасини ривожлантиришга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси эканлиги таъкидланди.
Шунингек, музокаралар давомида ўзбекистонлик мураббийларни таэквондо ватани ҳисобланган Кореяга малака ошириш учун юбориш, ҳар икки мамлакат вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, спортчилар ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақалар ўтказишга келишиб олинди.
Чо Чунг Вон Миллий олимпия қўмитасининг ташрифлар китобига ўзининг эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.