...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ботир Қодиров: “Машҳур бўлдингми, қопқонга тушдинг!”


12:14, 09.09.2015 Интервью
 11 538

— Аксарият санъаткорлар рекламага – ТВларда кўриниш, газеталарга интервью беришга ўч бўлади. Суҳбатдошим Ботир Қодиров эса бундай шов-шувлардан ҳоли, халққа фақат ижоди билан кўринишни, шахсий ҳаёт шахсийлигича қолишини истайдиганлардан.

   Ташқаридан ўта кибрли, ўзига бино қўйган бу инсон билан тил топишиш унчалик қийин эмас. У истаган мавзуда сўз бошласангиз борми... Қодиров билан суҳбатимиз жуда узоқ давом этди. Аввалига бу суҳбат узундан узун саволлар-у Қодировнинг соддагина “Ҳа, йўқ, билмадим” деган жавобларидан иборат бўлса керак деб ўйлагандим. Йўқ, у тинимсиз гапирди, гапирганда ҳам чертиб-чертиб, анчадан буён айтмоқчи бўлиб юрган, дилига тукганларини тўкиб солди.
 
— Сўнги вақтларда нега йўқ бўлиб кетдингиз? Сизни на ТВларда ва на концертларда кўриб бўлади.
— Йўқ бўлиб кетди дейиш тўғрими, нотўғрими билмадим-у лекин имкониятимдан келиб чиққан ҳолда концертларда, ТВдаги лойиҳаларда иштирок этиб турдим. Кўринмай кетишимнинг асосий сабаби эса халққа тақдим этишга, айтишга арзигулик қўшиқ топа олмаганимда. Узоқ вақт давомида қўшиқлар қидирдим. Албатта, қўшиқлар кўп, лекин, улар орасида ўзингизга ҳам, халққа ҳам муносибини топиш қийин. Шунинг учун кутишни афзал билдим. Дуч келган ёки сал бирор ери ёққан қўшиқни ҳам айтиб кетишим мумкин эди, бироқ ҳамма қатори мен ҳам қолипга тушиб қолишни истамадим.

— Сизни илҳомлантирадиган, ижодга ундайдиган қўшиқлар ҳам борми? Ё фақат ўзингизникини қидирасизми?
— Бор албатта.

— Охирги марта кимнинг қўшиғидан илҳомландингиз.
— Озодбек Назарбековнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларига айтилган қўшиқларидан. Айниқса, “Лола”ни эшитиб ҳақиқатдан роҳатландим. Буни сўз билан ифода этолмайман.

— Кўринмай қолишингизнинг сабаби тўй билан боғлиқ эмасми. “Бизда тўй бўлса,  кун ўтса бўлди” – дейдиганлар кўп.
— Тўй ўз йўлига. Мен ўзимни фақат тўйнинг ортидан қувадиган, тўйдан келадиган даромадга алданиб қолган санъаткорман деб айтолмайман. Тўйга овуниб ижод қилмай қўйди дейдиганлар хато қилишади. Мен илҳомнинг мавридини кутдим холос.

— Ижодни қизғонасизми? Мисол учун айнан Назарбековнинг “Лола”сини мен айтсам бўлмасмиди деган фикр ўтдими?
— Йўқ! Бундай фикрлар хаёлимга келмайди. Фақат битта нарсани ўйладим, шунақа чиройли қўшиқлар яратиш керак...(ўйланиб) Қизғонмайман! Қизғониш – бу бахиллик. Бахил одамнинг эса ҳеч қачон бири икки бўлмайди. Холбуки, Бобур ғазали билан куйланган қўшиқларнинг яратилиши эндигина бошланганда қўшиқ муаллифи Нодир Умаров “Шундай альбом устида иш бошладим” – деб айтганди. Ўшанда парво ҳам қилмагандим. Тақдир экан, қўшиқ Озодбек акага насиб қилди. Мен нега куюшим керак. Аксинча, у менга илҳом бағишлаяптику.

— Ташқаридан ўта кибрли кўринасиз. Сиз билан аввал суҳбатлашмаган бўлсакда, худди бир неча бор кўришган одамдай чиқишиб кетяпсиз.
— (кулиб) Гаплашишни, мулоқотга киришиб, баҳслашишни яхши кўраман. Қарс икки қўлдан чиқади, суҳбатнинг қизиқ бўлиши нафақат менга, балки, қаршимдаги инсонга ҳам боғлиқ. Таассуфки кўпчилик журналистларимиз ҳатто қандай савол билан мурожаат қилишни ҳам билишмайди. Балки, феъл атворимга туша олишмас...

— Атрофингиздагиларга ҳамма нарсани очиқ айта оласизми?
— Ҳа, агар ўзим ишонадиган дўстларим бўлса айта оламан.

— Демак таваккалчи эмассиз...
— (ўйланиб) Йўқ, етти ўлчаб бир кесадиганлар қаторига кирсам керак. Лекин, қийин, ҳаётий тажрибам камлик қиладиган пайтларда таваккал қилишимга тўғри келади. Аммо бу камдан-кам учрайдиган ҳолат.

— (кулиб) Ҳозирги саволим сизга бироз қизиқ туюлса керак. Бундан 7-8 йил аввал “Адашдим” номли қўшиғингизни эшитганимда менда хонандаликка ҳавас уйғонганди. Менимча сизнинг ижодингизда “Адашдим”га ўхшаган қўшиқ ҳали яралмади. Бу ҳам таваккалчилик маҳсулими ёки...
— Йўқ, бу узоқ ўйлашлар натижасида яратилган қўшиқ. Ўзи ижодимда юрагимни бермаган, ёмон кўрган қўшиғим йўқ. “Адашдим”га келсак: ҳар битта хонанданинг ижоди давомида ташриф қоғозига айланган қўшиғи бўлиши табиий ҳол. Бу қўшиқни куйлашимдан аввал устозимиз Мусахон Нурматов жуда кўп қўшиқларни эшиттирганлар. Икки-уч ой давомида жуда кўп қўшиқларни рад этгандим. “Адашдим”нинг ҳали хомаки нусхасини қўл телефонидан эшиттирганларида, қўшиқнинг бошини эшитибоқ “мана шуни айтаман, мен излаган қўшиқ шу эди” – деб туриб олганман. Бу билан “Адашдим”га ўхшаган қўшиқларим йўқ деёлмайман. У ўз вақтининг, замонасининг энг зўр қўшиғи эди. Ундан кейин куйланган “Эй дил”, “Дийдор учун”, “Алдамадим” номли қўшиқларни ҳам шу қаторга кирита оламан...

— Гапингизни бўлишга мажбурман. Айнан “Алдамадим” ҳақида савол бермоқчи эдим. Ботир Қодиров ўз аудиториясини нимага асосланиб белгилайди.
— (ўйланиб) Бугунги кунда мана бу менинг тингловчим деган тушунча йўқ. Тан оламан, ижодимнинг бошида ўрта ёшдан ўтган, ҳаётий тажрибага эга, яхши қўшиқнинг фарқига борадиган тингловчилар учун ижод қиламан деб ўйлардим. Йиллар ўтиб бир тўхтамга келдимки, мен учун аниқ аудитория бўлмаслиги керак. Агар маълум аудиторияга таяниб ишлайдиган бўлсам, битта қолипга тушиб қолишимга тўғри келади.

— 2011 йилда эстрада жанридаги “Алдамадим”, “Гўзалсан” қўшиқларини айтишингиз кўпчилик учун ижодингизнинг ўсаётганидан дарак берган бўлса, бошқалар сизни 180 градусга ўзгарди деб ўйлашди. Имкони борида ҳамманинг кўнглини бирдек олиш яхши аммо аввалги ўринни йўқотиб қўймаслик энг муҳими назаримда.
— Йўқ, мен эстрадага ўтиб аввалги ўрнимни йўқотдим деб айтолмайман. Иккита қўшиқ билан 180 градусга ўзгариш қилдим ҳам демайман. Шунчаки ижодимнинг очилолмайман, кўзга кўринмай турган жиҳатини намоён қилиб олдим холос... Оддий мисол тўй-ҳашам, халқ хизматлари маъноли оғир қўшиқлар айтсангиз тўйнинг эгаси келиб ука шўхроғидан айтинг дейди. Нари борса битта тўйда 5 ё 6 та ўйлатадиган, сокин қўшиқ айтишга улгураман. Демак, шўх қўшиқ айтиб халқни ўйнатиш керакми, керак. Шўх қўшиқ эса енгил, истаган кишини ўйната оладиган, ҳозирги замон талабларига мос бўлиши керак. Бундан чиқди ҳамманинг кўнглига йўл топиш учун аудитория чегарасини хатлаб ўтишга мажбурмиз. Санъаткор оғир, насиҳатомуз қўшиқлардан тортиб, энг енгил, шўхигача айта олиши керак.

— Ўзингизнинг фикрингиздан келиб чиқадиган бўлсак, санъаткор аудиторияни назарда тутмай ҳар қандай қўшиқни куйлай олиши мумкин. Шундай ҳам дейлик, хўш нега ўзингиз қўшиқ танлайсиз? Ҳозиргина анча вақт қўшиқ қидирдим дедингиз-ку.
— Шўх қўшиқни ҳам оддийси бўлади, бачканаси, профессионали бўлади. Менинг ўз йўналишим, дидим, қўшиққа нисбатан шахсий қарашларим бор. Профессионал нуқтайи назарим бор. Мен ўзимга мос, овозимга тўғри келадиган қўшиқ танлашим керак.

— Келинг концерт ҳақида гаплашсак. 2012 йил феврал ойидаги берган концерт дастурингиз кўпчилик санъаткорларга намуна бўлди десам адашмайман. Олд қаторларни фақат таниқли санъаткорларга ажратиш, хориж қўшиқларидан куйлаш, декорация, рақслар... Концертингизнинг муваффақиятли ўтгани, келгуси йиллардаги концертларда томошабин чақиришга асосий омил эди. Холбуки кўп санъаткорларимиз шу йўлдан фойдаланади.
— Концерт беришимдан мақсад пул топиш бўлмаган. (ўйланиб) Албатта, концерт бериш соғинчи бўлди, лекин унинг маъсулияти ҳам бор-да. Ўша концертимдан кейин халққа тақдим этишга арзигулик, муносиб репертуар тўплай олмаганим учун концерт бермадим. Ўтган икки йилда ҳар тарафлама, ҳам ижодий, ҳам моддий тарафдан имконим бўлмагани учун концерт бериш истамадим. Керак бўлса кутай, лекин кутганимга яраша жуда бўлмаганда аввалгисига ўхшаган концерт қўяй деган фикрда эдим. Чунки, ундан ёмон концерт қўйишга ҳаққим йўқ. Агар шунчаки, ўтган йилдаги муваффақиятга ишониб, эски қўшиқлар билан концерт қўйганимда “Бир омади келиб қолган экан-да, ўтган йили зўр бўлганди бу йилгисини эплолмади” деган кинояли гапларни эшитишим тайин эди. Мен концерт орқали бизнес қилишни ўйлаганим йўқ.

— Бу кутиш қанча давом этади?
— Бу йил кутишга нуқта қўямиз (кулиб). Ҳозир концертга тайёргарлик ишларини бошладик. Ижодий гуруҳимни янгиладим. Янги продюсер билан ўзим истагандек, мени тушунадиган, қўллаб қувватлаб тўғри йўлга бошлайдиган одамлар билан ишлаяпман.

— Машҳурликнинг юки оғирлик қиладими?
— Машҳур бўлдингми, қопқонга тушдинг! Бир йил концерт қўймасанг рейтингинг тушиб кетади қабилидаги баъзи тушунчалар ҳақиқий ижодкорни қийнаб қўяди. Машҳурликнинг юки жуда оғир. Ҳамма қатори кўчада юролмайсиз. (кулиб) Бир нарсани айтсам ишонмайсиз. Бошқаларга ўхшаб яйраб бозор қилгим келади. Баъзида қиламан ҳам. Машҳур одамнинг кўча-куйда эмин эркин юриши унинг ўзига эмас, кўпроқ атрофдагиларга боғлиқ. Айтайлик бирор ошхонага овқатлангани кирдим. У ердагилар мени илиқ кутиб олиб, салом алик қилишади. Лекин орасидан битта яримта ножўя савол бериб ёки жеркиб муамоала қиладигани ҳам топилади. Ёки уйга бозор қилиш учун оддий кийимда, сочимни байрамона тарамай, соқолимни олмай дўконга кирдим дейлик. Ўша заҳоти шу аҳволда мени кимдир сездирмай суратга оладию дўкондан чиқиб улгурмасимдан ярим шаҳарга Ботир Қодиров мана бундай аҳволда юрган экан деган сурат тарқайди. Нолияпти деб ўйламанг. Халқнинг назарига тушганимизга, шундай касб билан сийлаганига шукур қиламан, фаҳрланаман! Лекин машҳурликнинг мана шундай оғир жиҳатлари ҳам бор.

— Бугун машҳур бўлиш унчалик қийин бўлмай қолган. Айтингчи сиз машҳур санъаткорлар сирасига кирасизми ёки севимли?
— (кулиб) Тўғри, машҳур бўлишнинг ҳам йўллари кўп. Мен ўзимни бирор тоифага киритишим жуда мушкул иш. Менга баҳони халқ, мухлислар берсин. Ҳар ҳолда севимли бўлсам керак... (кулги кўтарилди) Машҳур бўлишга эмас, севимли бўлишга интиламан.

—Айни кунларда мамлакатимизда сиёсий жараёнлар давом этмоқда. Олдинда Ўзбекистон Республикаси президентилигига сайлов жараёнлари турибди. Сайловда иштирок этасизми?
— Албатта! Мустақиллик йилларида кучли демократик жамият қуришга улгурдик. Ўзбекистонимиз бугун ривожланиш йўлидан илдам қадамлар билан кетиб боряпти. Ва бу ҳаракатга ҳар биримиз ўз хиссамизни муносиб равишда қўшишимиз шарт! 29 март  куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзодлар сайловига қадар интернет орқали барча номзодларнинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастури билан танишиб чиқиб, аниқ тўхтамга келишга ҳам улгурдим. Сайловда иштирок этиб, ўзим оилам ва юртимиз келажаги, равнақи, эртанги кучли давлат учун ОВОЗ БЕРАМАН! Юртимизга тинчлик, мухлисларимнинг хонадонларига қут барака тилайман!
Қамариддин Шайхов суҳбатлашди
Фотомухбир Бекзод Мирсодиқов

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар

Zokirov Doston
22:32 15.04.2016

Konsertga gap yo'q? IJODLARGA KATTA OMAD


Бекзод Отамуродов
10:07 24.11.2015

Gag yo'q konsertga


Sofirjon Akramov
10:55 22.11.2015

kansert zur buldi buni zal tulganidan bilsa buladi xamma sixni soginishgan ekan onmni birga olib kirganimdan xursand buldim maza qildik Jizzaxdan Sofirjon Akramov


Sofirjin Akramov
16:11 18.11.2015

aka konsert beradigan 21-noyabr kuni tuyim bulganiga 3 yil tuladi  keliningiz bn shuni sizbn va toshkentda nisholashdan xursandman  xar doim bizlar uchun yaxshi kunlarimizda yonimizda bulin  jizzaxdan Sofirjin Akramov



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!