...
МЕНЮ
ONLINE TV

БМТ Бош котиби Мьянма раҳбариятидан роҳине мусулмонларига фуқаролик беришини сўради


08:10, 06.09.2017 Олам
 2 052

Антониу Гутерриш: “Ракхайн штатидаги роҳине мусулмонларига фуқаролик ёки вақтинчалик ҳуқуқий мақом берилиши зарур”.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Мьянма ғарбидаги Ракхайн, яъни Аракан штатида рўй бераётган воқеалар юзасидан ташвишда эканлигини билдирди. Антониу Гутерриш мамлакат раҳбарини роҳине мусулмонларининг ҳуқуқий муаммосини ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда БМТнинг Ахборот маркази хабар бермоқда.
 
5 сентябрь куни БМТнинг бош қароргоҳида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуман доирасида Антониу Гутерриш Аракандаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган чораларни билдирган хатни Хавфсизлик кенгашига юборганлигини маълум қилди.
 
“Мен Хавфсизлик кенгаши раисига хат ёздим. Унда мен Мьянмадаги вазиятдан ташвишда эканлигимни билдириб, зўравонликни тўхтатишга қаратилган турли чора тадбирларни таклиф қилдим”, деди Гутерриш. Унинг сўзларига қараганда, Мьянма раҳбарияти зўравонликни бартараф этиш учун қатъий чоралар кўриши лозим.
 
Антониу Гутерриш “Ракхайн штатидаги роҳине мусулмонлари осуда ҳаёт кечиришлари учун камида уларга фуқаролик ёки вақтинчалик ҳуқуқий мақом берилиши зарур”, деб таъкидлади.
 
Бош котиб ҳудуднинг ижтимоий ҳолатига путур етишини қайд этиб, мусулмон жангариларнинг Мьянма армияси биноларига ҳужум уюштираётганликларини танқид қилди. Антониу Гутерриш шунингдек, 125 мингга яқин роҳине мусулмонларини қабул қилган Бангладеш ҳукуматига ҳам миннатдорлигини билдирди.
 
Хабарингиз бор, август ойи охиридан буён Мьянманинг Аракан штатида нотинчлик ҳукм сурмоқда. Бу вазиятнинг юзага келишига сабаб дея бир неча омиллар кўрсатилди. Аммо расмий хабарлар ҳамон берилмаган. Ачинарлиси, бойлик, демография муаммоси ёки сиёсий ўйин каби турли тахминлар юзлаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётганлигидадир...
Дурдона Расулова 

Теглар:Мьянма Роҳине мусулмонлари Аракан Антониу Гутерриш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!