Эътирозлар ичида ноҳақ айбловлар, “алам”, “ўч” каби туйғулар ундаган ҳаракатлар, энг ёмони, туҳматлар ҳам, минг афсуски, учраб туради. Таъбир жоиз бўлса, курмаклар орасида гуруч доналари кўринадиган бўлиб қолди...
Муддаога ўтишдан аввал “ҳуқуқий маданият” деб аталмиш атамага тўхталиб ўтсак, кейин шикоятпарастлик, хусусан ўзгага туҳмат қилиш ва унинг салбий оқибатлари ҳақида сўз юритамиз.
Ёдингизда бўлса, аввалроқ Адлия вазирлиги Telegram’да ҳуқуқий маслаҳатлар каналини очганлиги тўғрисида хабар берган эдик. Тан олиш керак, кундалик ҳаётимизда дуч келадиган айрим муаммоларни ҳал этишда, аниқроғи вазият ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш даражасига олиб келган ҳолатларда ҳуқуқий маданиятимизнинг пастлиги анчайин панд беради.
Ўзимизча “Бу нотўғри!”, “Қонунга тўғри келмайди!” деймизу лекин қайси қонуннинг қайси моддасига тўғри келмаслигини, янаям аниқроғи, қонун матни билан тартибга солинган ҳатти-ҳаракат, амалиёт ва рақамларни айтиб, гапимизни исботлашга маълум маънода ожиз бўлиб қоламиз.
Юқорида тилга олинган ҳуқуқий телеканалда туҳмат тўғрисидаги бир ҳаётий-тарихий маслаҳат эътиборимни торди...
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганидан сўнг олий давлат органларидан тортиб ҳар битта вазирлик, қўмита ва бошқармаларнинг Халқ қабулхоналари ишга тушди, аҳоли эътиборига ишонч телефонлари эълон қилинди, веб-сайтлар орқали шикоят, ариза, талаб ва таклифлар қабул қилиниб, жамиятда мавжуд муаммолар ҳал этилди ва ҳал этилмоқда...
Давлат органларининг масъул шахслари, аниқроғи мутасадди ходимлар билан халқ вакиллари ўртасидаги ўзига хос “кўприк” анча-мунча муаммоларга ечим топгани рост.
Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек шикоят ва эътирозлар ичида ноҳақ айбловлар, “алам”, “ўч” каби туйғулар ундаган ҳаракатлар, энг ёмони, туҳматлар ҳам, минг афсуски, учраб туради. Таъбир жоиз бўлса, курмаклар орасида гуруч доналари кўринадиган бўлиб қолди...
Таҳририятга турли шикоятлар билан қўнғироқ қилиб турадиган фуқароларимиз кўп. Аксариятининг шикоятлар остида (албатта, ҳамма ҳам ўз манфаатини кўзлаб шикоят қилиши табиий) “шахсий манфаат” ётади. Бундай кишилар уларнинг шикояти “бир ёқлама” эълон қилиниши хоҳлашади. Биз масалага холислик билан ёндашиб, “иккинчи томон”нинг ҳам арз-додини эшитиб билгач, атрофлича таҳлил қилиб (касб тақозоси билан) ўрганиб кўришимиз зарурлигини билдирганимиздан сўнг аксариятининг “ҳовури пасаяди”.
Энг ёмони, туҳмат орқали ўз “шахсий манфаат”ларини қондирмоқчи бўлган мурожаат эгалари ҳам талайгина. Уларга, юқорида эслатилган ҳуқуқий маслаҳатлар каналида келтирилган Суқрот (эр.авв. 470/469– 399, қадимги юнон файласуфи) билан боғлиқ воқеани илиндим...
Туҳматдан тийилиш учун ва умуман ҳаёт фаолиятингизда фойдали бўладиган — Суқротнинг "3 та элак" қоидасига амал қилинг!
Бир одам Суқротнинг олдига келиб:
– Биласизми, дўстингиз Сиз ҳақингизда нималар деб юрибди?
– Тўхтанг, – деб унинг гапини бўлди Суқрот. – Аввало, ҳозир менга айтмоқчи бўлган гапингизни 3 та элакдан ўтказинг!
– 3 та элакдан? – ҳайрон бўлди гап етказмоқчи бўлган одам.
– Ҳа, ҳар доим бир нима гапиришдан олдин, уни 3 та элакдан ўтказиш лозим. Биринчидан, “ҳақиқат элаги”дан. Ҳозир менга айтмоқчи бўлган гапингиз ҳақиқатлигига ишончингиз комилми?!
– Йўқ, мен буни эшитдим халос...
– Яхши. Демак, буни ҳақиқат ёки ёлғонлигини билмайсиз. Унда иккинчи — “яхшилик элаги”дан ўтказамиз. Мени дўстим ҳақида қандайдир яхши гап айтмоқчимисиз?
– Йўқ! Тескарисини айтмоқчиман!
– Демак, – деб давом этибди Суқрот, – Сиз дўстим ҳақида ёмон гап айтмоқчисизу лекин бу ҳақиқатлигини билмайсиз. Унда учинчи — “фойда элаги”дан ўтказиб кўрамиз. Айтинг-чи, эшитган нарсангизни менга айтишга эҳтиёжингиз каттами?
– Йўқ, бунга эҳтиёж йўқ!
– Хулоса қилиб айтганда, менга айтмоқчи бўлган гапингизда на яхшилик, на бирор фойда, на бунга эҳтиёж бўлмаса, нима кераги бор бу ҳақда сўз очишни?
Мана, эрамиздан аввалги йилларда яшаб ўтган файласуфнинг топқирлиги!
Азизлар, туҳмат қилишдан тийилинг! Ўзингиз учун “шунчаки гап-да” ёки "қараб тур, устингдан арз қилиб абгор қилмасамми" мақомида сақлаб турган гапингизни Суқротнинг 3 та элагидан ўтказиб кўринг, балки бунга ҳожат йўқдир...