Бор йўғи минг дона ишлаб чиқарилган мазкур атирнинг нархи 6.000 рубль деб баҳоланяпти.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин шарафига шу бугунга қадар кўплаб қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқарилган эди. Энди навбат атирга келди. Москва шаҳрида жойлашган ГУМ савдо мажмуасида президент Путин сурати билан ишлаб чиқарилган Leaders Number One номли атирнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Facebook.com’нинг Leaders саҳифасига ҳавола қилаётган bigmir.net сайти хабар бермоқда.
Беларусь аттори Влад Рекунов томонидан яратилган мазкур атир бор йўғи минг дона ишлаб чиқарилган бўлиб, 100 миллилитрли атирнинг нархи 6.000 рубль деб баҳоланяпти. Атирнинг қадоғига Владимир Путиннинг ён тарафи билан тургун сурати жойлаштирилган бўлиб,у 2016 йилнинг 20 январига қадар сотилади.
Атир савдосидан тушган маблағлар бемор болаларни даволаш, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига Янги йил байрами муносабати билан совғалар улашиш каби хайрли ишларга сарфланади.
Эслатиб ўтамиз, бундан бироз аввал Россияда Путиннинг сурати туширилган чойшаблар ишлаб чиқарилган эди.