АҚШ ва Буюк Британия элчихоналари ўз фуқароларини юзага келиши мумкин бўлган нохуш воқеадан ҳимояланиш учун расман огоҳлантириш берди.
“Биз Қирғизистонда ҳукумат раҳбарлари ва дипломатик миссия вакилларига қарши октябрда уюштирилиши мўлжалланаётган террорчилик ҳаракати ҳақида хабар олдик. Британия фуқароларининг хавфсизлигига қарши аниқ маълумот бўлмаса-да, биз фуқароларимизга одамлар гавжум жойларга бормасликни, маҳаллий ҳукуматнинг хавфсизлик борасидаги чора-тадбирларига амал қилишни тавсия этамиз”, дейилади Буюк Британия элчихонасининг расмий сайтида.
Худди шундай хабар АҚШ элчихонаси сайтида ҳам пайдо бўлди. “Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси огоҳлантиришсиз ёпиб қўйилиши мумкин”, дейилади мазкур хабарда.
30 август куни босқинчи Бишкек шаҳридаги Хитой элчихонаси дарвозасидан зўравонлик билан бостириб кириб, элчихона ҳудудида катта қувватга портловчи воситани ҳаракатга келтирган. Ўшанда 3 киши оғир жароҳат олди, террорчи эса воқеа жойида ҳалок бўлганди. Мазкур воқеа юқоридаги огоҳлантиришга асос, деб келтирилган.