АҚШ Россия консуллик идорасини таъмирлаш мақсадида бўшатишни талаб қилганини айтмоқда.
АҚШ ташқи ишлар идораси расмийсининг берган маълумотига кўра, АҚШ хавфсизлик хизматлари томонидан ҳеч қандай тинтув ўтказилмаган, россияликлар томонидан қўйилаётган айбловлар ёлғон.
Вакилнинг фикрича, Россия Бош консуллик идорасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши зарур бўлган, ҳозирда таъмирлаш ишлари тугатилган.
Шу ҳафтада АҚШ томони консуллик идораси биносида таъмирлаш ишларига шартнома асосида усталарни жалб этган бўлиб, идорани турар-жой биноларидан ажратувчи тўсиқ ўрнатилган. Бундан ташқари, консуллик биносининг том қисмида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Давлат департаменти Россия томонини ушбу қурилишлар ҳақида огоҳлантирган ҳамда таъмирлаш ишларини кузатиб бориш учун расмийларни таклиф қилган.
Консулликдаги уйларда яшаётган барча одамларга октябрга қадар қолишлари мумкинлиги айтилган, ушбу муддат уларга буюмларини ўраш учун берилган. Консулликка кириш ҳақидаги қарор Давлат департаменти томонидан қабул қилинади.
Аввалроқ, АҚШ Россиянинг Сан-Францискодаги Бош консуллигини 2 сентябрга қадар ёпишни талаб қилган эди. Ушбу талабда Вашингтон ва Нью-Йоркдаги савдо ваколатхоналарини ҳам ёпиш талаб қилинган. Бу Оқ уй томонидан Россиянинг АҚШ дипломатларини қисқартириш талабига жавоб тариқасида изоҳланган.