...
МЕНЮ
ONLINE TV

АҚШ Россиядан Аляскани қандай қилиб сотиб олган?


13:02, 19.08.2017 Бу қизиқ
 8 462

1867 йил Аляска 7 200 000 АҚШ долларига сотилди. АҚШнинг 1988 йил маълумотларига кўра, Аляскадаги балиқчиликнинг бир кунлик даромади мазкур ҳудудни сотиб олишга сарфланган маблағдан кўп бўлган.

Америка қўшма штатлари сафига 49-штат бўлиб кирган Алясканинг Россия томонидан сотиб юборилиши тарихдаги энг йирик ва шов-шувларга сабаб бўлган келишувлардан биридир. 1867 йилдаги давлатлараро шартномага кўра, АҚШ 7 200 000 доллар эвазига умумий майдони 1 518 800 км² бўлган Аляска ярим оролини атрофдаги кичик ороллар ва қирғоқдан наридаги 10 миля масофагача қўшиб сотиб олади. Энг қизиғи, бу келишув кўпчилик ўйлаганидек Американинг ўта айёрлиги туфайли эмас, Россия тарафининг бу ҳудуддан қандай қилиб бўлсада қутулиш, ҳар қандай суммага бўлсада пуллаш иштиёқи кучлилиги сабаб амалга оширилганди.

Аляска 1732 йилда М. С. Гвоздева ва И. Фёдоровлар бошлиқ рус экпедицияси томонидан очилган ва Россия империяси мулки деб эълон қилинганди. Узоқ йиллар бу ўлканинг Империя учун бирор бир нафи тегмади. Аляскадан давлат эмас, жисмоний шахслар фойдаланиб юришди. 1799 йилда Аляскада “Рус-Америка компанияси” деб номланган махсус монополистик ташкилот тузилди ва айнан шу ташкилот деярли 70 йил, Аляска сотилгунга қадар бу ҳудудни бошқариб келди.

Аляскани биз олтин, нефть ва беқиёс чиройли табиатга эга бой ўлка сифатида биламиз. Лекин у даврларда олтин ва нефть ҳали топилмаган, гўзал табиат эса ҳеч кимни қизиқтирмасди. Рус-Америка компанияси ташкил бўлиб, кўп йиллар ишлади ҳамки давлатга бирор рубль фойда келтирмади. Боз устига бу компания давлат хазинасидан йилига 200 000 рубль миқдорда дотация (ёрдам пули) ҳам оларди. Чексиз-чегарасиз бу ҳудудда бор йўғи икки минг нафарга яқин руслар, ундан ҳам оз бошқа миллат вакиллари ва 60 000 мингга яқин ёввойи дея таърифланган маҳаллий ҳиндулар ҳамда эскимослар бир-бири билан адоватда яшарди. Аляскада колонизаторларни қизиқтириши мумкин бўлган тузукроқ даромад манбаи йўқ, маҳаллий аҳоли ҳайвонлар мўйнасини пуллаб амал-тақал кун кечирарди. Аксига олиб бу ҳайвонлар сони ҳам руслар яшайдиган жойларда йилдан-йилга камайиб борар, ов қилиш учун ёввойилар яшайдиган ички ҳудудларга кириб боришга ҳеч кимда юрак йўқ эди.

Ўшанда Аляскадан Сан-Францискога муз сотиш йўлга қўйилди.  Музлатгичлар ихтиро қилинмаган бу даврда муз ҳам озми-кўпми пул бўларди.

Америка Аляскани сотиб олганидан кейинги ўттиз йил давомида ҳам аҳвол деярли ўзгармади. Бу орада ҳудудни сотиб олган сиёсатчилар “пулни шамолга совурган”лар сифатида деярли халқ душманига айланди.   

Аляскани сотиб юбориш фикри Шарқий Сибирь губернатори граф Н. Н. Муравьев-Амурскийдан чиққанди. У 1853 йилда императорга ёзган хатида Россия узоқ бу ўлкани сақлай олмаслигини, имкон бўлди дегунча Аляскани пуллаб, бу маблағни ички муаммоларни ҳал қилиш ҳамда Сибирь, Амур бўйи ерларини ўзлаштиришга, Осиёдаги таъсирларни кучайтиришга сарфлаш лозимлигини батафсил тушунтиради. Бундан ташқари, урушларга аралашиб қолган, иқтисоди анча ночорлашган Россия борди-ю Аляскага бирорта давлат ҳужум қилса ҳимоялана олмаслиги аниқ эди.

 У даврларда бирор бир ҳудудни босиб олиш ва ўлжани ўз мулки деб эълон қилиш бутунлай қонуний ҳисобланарди. Яъни Аляска сотилмаса борган сари қудрати ошиб бораётган АҚШ ёки Англия эртами кеч бу ҳудудга кўз тикиши ва эгаллаб олиши аниқ эди. Техасни Америка Мексикадан тортиб олгани ва камига Калифорнияни ҳам сотишга мажбур қилганлиги бунга яққол мисолдир.

Бу вазият Император Александр II нинг кичик укаси, буюк князь Константин Николаевични қаттиқ ташвишга солди ва Россиянинг Вашингтондаги вакили барон Эдуард Стеклга Аляскани сотиш лозимлигини уқдиради. 1857 йилда Россия Ташқи Ишлар Вазирлиги бу таклифни кўриб чиқди ва маъқуллади. Лекин бу масала АҚШда бошланган фуқаролар уруши туфайли кейинга қолдирилди. 1866 йилда Александр II нинг ўзи ҳам иштирок этган махсус кенгашда Аляскани камида 5 млн долларга сотиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор эди: асосий ва ягона харидор бўлган АҚШдан бирор бир таклиф тушмаган эди. Бу вазият империя учун дунё ҳамжамияти олдида паст кетишдан ўзга нарса эмасди. Шунинг учун бу иш “ими-жими ишларга уста” барон Эдуард Стеклга юкланди. 1867 йилда Вашингтонга келган Стекл АҚШ давлат котиби Уильям Стюард билан учрашади ва АҚШ Аляскани сотиб олиши учун қулай имконият борлигини тагдор гаплар билан писанда қилиб қўяди ҳамда биринчи таклиф АҚШ томонидан чиқишига эришади. Президент Жонсон бу фикрни маъқуллайди ва бу масала юзасидан Уильям Стюардни АҚШ вакили этиб тайинлайди. 1867 йил 30 мартда Аляска сотилиши бўйича икки томонлама шартнома имзоланди. Аляска 7 200 000 АҚШ долларига ва шу пулга яраша олтин бериш шарти билан сотилади.

Бу камми ё кўпми?! Нарх борасидаги тортишувлар ҳали-ҳануз давом этмоқда. Умумий майдони 1 518 800 км² бўлган Аляска ярим ороли ҳар бир квадрат километри учун 4 доллару 73 центга, ёки бир гектари 5 цент атрофида пулланди. Текин бериб юборилган эканда, дерсиз.

Лекин ўша даврларда бу жуда катта пул эди. Қиёслаш учун шуни айтиб ўтиш мумкинки, деярли 15 штат ҳудудини қамраб олган, Аляскадан ҳам каттароқ 2 100 000 км² бўлган ва яхши ўзлаштирилган тарихий Луизиана французлар томонидан АҚШга 10 млн доллар эвазига сотилган эди. Нью-Йоркдаги ўша даврда ягона бўлган 3 қаватли суд биноси АҚШ ҳукуматига бутун Аляскага нисбатан қимматроққа тушганди.

1867 йилнинг 18 октябрида Аляска расман АҚШга топширилгач Россия байроғи туширилиб, милтиқ ўқлари садолари остида АҚШ байроғи кўтарилди. Маҳаллий аҳолига танлаш имконияти берилди. Улар АҚШ фуқаролигини қабул қилишлари ёки Россияга қайтишлари мумкин эди. Шундоқ ҳам Аляскадан безор бўлиб юрган русларнинг кўпчилиги кемаларга ўтириб жўнаб қолишди. Шунинг учун 18 октябрь ҳар йили Аляска куни сифатида нишонланади.

Шартномада келишилган маблағ орадан деярли бир йил ўтгандан сўнг, 1868 йилнинг 1 августида Стеклга топширилади. Бу маблағдан 21 000 доллари Стеклга мукофот сифатида, 10 000 доллар келишув тўғрисида Петербургга хабар бериш учун телеграммага, 134 000 доллари АҚШ ҳукматини бу келишувга кўндирган амалдорларга пора сифатида берилди. Қолган маблағ Россия темир йўллари тизимини ривожлантиришга сарфланган.

Энди Аляска сотилганидан кейинги фактларга эътибор беринг:
  1. Аляска АҚШ тасарруфига айланганидан сўнг 30 йил ўтиб бу ҳудуддаги Клондайк деган жойда олтин конлари топилди ва “Олтин иситмаси” бутун дунёдаги олтинтопарларни Аляскага чорлади;
  2. XX асрда очилган нефть ва газ конларининг ўзидан 200 миллиард долларга яқин даромад олинди;
  3. 1988 йил маълумотларига кўра, Аляскадаги балиқчиликнинг ўзидан 1 кунда Аляска сотиб олинганидан кўра кўпроқ даромад топади;
  4. Алясканинг сотиб олиниши АҚШ тарихидаги энг фойдали битим бўлиб қолди. Бу ўлкадан топилган пуллардан ташқари, АҚШ ушбу ҳудудда ҳарбий салоҳиятини оширди.
                            
Аляска сотилиши билан боғлиқ миш-мишлар ва нотўғри фикрлар:
  • “Келишув пули тўланмаган ва Америка Россияни алдаган. Шунинг учун Россия Аляскани қайтариб олиши мумкин”. Бунинг асло иложи йўқ. Чунки юқоридаги фикрлар ўз исботини топган тақдирда ҳам ҳар икки давлат қонунларида кўрсатилган даъво муддати аллақачон ўтиб кетган;
  •  “Аляска сотилмаган. Балки 99 йилга ижарага берилган. АҚШнинг Аляскани 20 асрга келибгина ўз сафига 49 штат сифатида қўшиб олганлиги сабаби шу”. Бу ҳам исботини топмаган миш-миш. Аляска сотилаётган даврда императорнинг обрўсини тўкмаслик мақсадида ўйлаб топилган ва қоғозга туширилган уйдирма;
  • “Аляска эвазига олинган олтинлар Россияга етиб келмаган. Йўлда қароқчилар талаб кетган, қолган-қутганини ортган кема океанга чўкиб кетган”. Буям бир миш-миш. Пуллар банкларгача етиб борган ва император буйруғига кўра сарфланган;
  • “Аляскани узоқни кўра билмайдиган Екатерина II сотиб юборган”. Буниси энди ҳеч қандай қолипга сиғмайди. Екатерина II 1796 йилда, Аляска сотилишидан 71 йил олдин ўлиб кетган эди.

7 200 000 долларлик чек
Аброр Зоҳидов

Теглар:АҚШ Россия Аляска 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!