Бир вақтлар кунига бир маҳал овқатланишга базўр пул топган актёр бугун дунё мамлакатларида филиалларига эга хусусий театр мактабининг соҳибидир.
Бугун 60 ёшни қарши олаётган Анупам Кхер 1955 йилнинг 7 мартида Ҳиндистоннинг Шимла шаҳрида дунёга келган. Бошқалардан фарқли ўлароқ Анупам болаликда бир бурда нонни инсон ўз меҳнати билан ишлаб топиши кераклигини тушунган. Отаси Тушкар Натх Кхер мамлакатдаги қўриқхоналарнинг бирида дарахт кесувчи бўлиб ишларди, онаси Дулари эса уй бекаси сифатида Анупам ва укаси Ражуни парвариш қилиш билан банд эди. 11 кишидан иборат бўлган оилани Анупамнинг отаси 1 ойда ишлаб топадиган 90 рупийлик маош билан боқиши керак эди.
Аммо шундай қийин шароитда ҳам оиладагилар кичик Анупам ва Ражунинг чўнтакларига кинога тушишлари учун пул суқишарди. Тенгдошлари орасида Анупам кино санъатига жуда қизиқарди. У 60-йилларда катта экранларга чиққан барча фильмларнинг мантини ёдлаб олганди. У қўшиқ ва жанг саҳналаридан ташқари исталган фильмдаги ўнга яқин ролни бир ўзи кетма-кетликда ижро этиб бера оладиган ягона инсон эди. Мактабда қўйиладиган саҳна кўринишларида Анупам қатнашмасди. Мактабдагилар уни қизиққон характери учун бу сафга қўшишмасди. Шу сабабли у фақат ўз синфдошлари орасида бирор саҳна кўринишини намойиш этиб бера оларди, холос. Айтиш керакки, ўқувчи ва ўқитувчилар у кўрсатган томошадан жуда хурсанд бўлишарди.
Коллежни тугатиш вақти келганида Анупам синф хонасидан чиқаётиб деворга осиб қўйилган янги эълонни кўриб қолади. Унда Чиндигарх шаҳрида театр маҳорати санъатидан таълим олиш учун талабаларни тўплаш бошлангани ҳақида ёзилганди. Ўшандаёқ бўлажак актёр бу унинг орзуси сари энг тўғри ва мақсадли йўл эканини тушуниб етади. Аммо орзуларнинг ушалиши учун маблағ етишмасди. Чиндигархда таълим олиш учун Анупамга энг камида 100 рупий керак эди. Кхерлар оиласи учун эса бу пулни топиш муаммо эди. Онасининг пул сақлайдиган қутисидан ўзига керакли пулларни олар экан, Анупам ўзига-ўзи шунчаки Кришна худосининг изидан бораётганини айтиб овунтирди. Афсоналарга кўра, Кришна кичиклигида онасининг пулини сарёғ ва сметана сотиб олиш учун ўғирлаган экан. Турган гапки, катта бўлгач, орадан йиллар ўтиб Анупам бу ишидан кўп бор афсусланган.
Панжоб университетининг Театр факультетидаги 1 йиллик таълимдан сўнг, Анупам дунёнинг энг сара театр институтлари ичидан ўрин олган Миллий драма мактабига ўқишга киради. Ўша ерда унга қандай вазифа топширилишидан қатъи назар у жон деб топшириқларни бажара бошлади. Анупам саҳнага актёр сифатида бир неча сўзни айтиш учун чиқарди. Албатта, у ерда ҳам Анупам ҳаёт учун курашарди. Унга тўланадиган гонорарлар ҳар куни бир марта бўлса-да тўйиб овқатланишга ҳам етмасди. Анупам бу синов экани, орзуси сари йўл машаққатлардан иборат эканини, дам олиш ёки тўхтаб қолиш мумкин эмаслигини яхши тушунарди.
Ана шундай оч-наҳор кунларнинг бирида Анупам театр саҳнаси ортида ҳушини йўқотади. Ўшанда театр директори тиришқоқ, меҳнатсевар бу йигитчага ёрдам бериш керак деган фикрга келади. У Анупамни Лакхнаудаги Бхаратенду драма марказига юборади. У ерда ёш йигитчага актёрлик маҳоратидан дарс бериш учун жой беришади. Унинг устозлик маҳорати борасида атрофдагилар фақат яхши сўзларни айтишар, Анупамга ҳам бу жуда ёқарди. Аммо 1 йил ўтиб, у актёрлик эмас муаллимлик соҳасидан кетаётгани ва айни соҳада у ўзини бошқа оламдагидек ҳис этаётганини тушунади.
Кунлардан бир кун Анупамнинг ҳамкасби Бомбейдаги мактабларнинг биридан кетишга мажбур бўлади ва у зудлик билан кетган ўқитувчининг ўрнига Бомбейга йўл олади. Шу йўл билан у кино саноати вакиллари қаторига осонлик билан қўшилиб олиш истагида эди ва у буни жуда осон деб ўйларди. Бироқ ҳинд кино саноати Анупам каби машҳурликка, театр ва кинода роль ўйнаш, иш топишга интилаётган ёш актёрлар билан тўла эди. У болали бева аёлнинг уйидаги бурчакни ижарага олди, кунига 1 марта овқатланарди, аммо шунда ҳам бу маошни кейингисигача етказиш қийин кечарди.
Анупамнинг отаси Тушкар Натх Кхер фарзандларига бирор нарсага қўл силташга шошилмаслик, бу борада оила аъзоларни ёрдамга чақириш энг тўғри йўллардан бири, деб бот-бот айтарди. Шу сафар Анупам укаси Ражуни ёрдамга чақиради. Зудлик билан акасига ёрдам бериш учун етиб келган Ражу шаҳардаги консерва заводига ишга киради. 700 рупийлик маош Анупам ва Ражунинг яхши яшашлари, кунига 3 марта овқатланишларига етарди. Айтиш керакки, Ражунинг бу ёрдами, акаси учун ўз кучини аямай ишлаши келажакда унга катта ютуқ ва омадни олиб келган.
Анупам талабаларга дарс ўтар, Бомбейдаги кичик театрда роль ижро этарди. Шундай кунларнинг бирида, машҳур кинорежиссёр Музафар Али Анупамга суратга олинажак фильмдаги бош ролни ўйнаш таклифини беради. Бу Анупам учун чинакам бахт эди. У ўзи ва укаси, қолаверса, оиласидагиларга ёрдами тегишини ўйларди. Аммо фильм суратга олингач, моддий етимовчилик туфайли фильмнинг катта экранларга чиқмаслиги маълум бўлади. У кинодаги дебют ролини ҳеч ким кўрмаслигидан қаттиқ изтиробга тушади.
Шундай бўлса-да, бир қатор режиссёрлар, продюсерлар кинонинг охирига етказилмаган съюжетларини кўрибоқ ёш Анупамга қизиқиб қолишади. Айнан экранга чиқмаган роль орқали у бир қатор фильмларга таклиф этилади. У ўйнаган иккинчи фильм драма жанрида бўлиб, унга Ами Астана режиссёрлик қилган. Фильм экранларга чиқди, аммо кассабоп фильмлар сирасига кира олмади. Бироқ Анупам учун бунинг аҳамияти йўқ эди. У одамлар олдида актёр сифатида ўзини намоён эта олганидан хурсанд эди. Фильмдан тушган гонорар туфайли у укасини моддий маблағ ишлаб топишдаги қийинчиликлардан озод этди.
Анупам иштирокидаги учинчи фильмнинг номи “Қандай бўлса, шундай қолдиринг” картинаси эди. Бу роль ҳам актёрга шуҳрат келтирмади. Тўғрироғи, фильмдаги Анупам иштирок этган саҳналарнинг аксарияти монтаж вақтида кесиб ташланганди. Бу омадсизлик ҳам Анупамни тушкунликка солади, бироқ у барибир актёр бўлиши кераклиги ҳақида ўйларди.
Анупамнинг шахсий агент ёллашга қурби етмасди. Шу сабабли у Болливуд киностудияларига ўз суратлари ва таржимаи ҳолини ўзи юборарди. Бир куни у ўша даврдаги машҳур режиссёр Махеш Бхаттнинг телефон рақамини топиб олади. Ўшанда Бхатт янги фильми учун актёрлар жамоасини йиғаётган эди. Шу куни кечқурун Анупам Бхаттга қўнғироқ қилади. Анупамнинг сўзларини диққат билан эшитган режиссёр эртасига қўнғироқ қилишини, бу вақтгача у Анупам иштирокидаги фильмларни кўриб чиқишини айтади. Хуллас Бхатнинг “Маъно” фильмида Анупам ўғли ўлдирилганидан кейин рафиқаси билан пул ишлаб топишга ҳаракат қиладиган кекса ўқитувчи образини гавдалантиради. Ушбу фильм Анупамга мисли кўрилмаган шуҳрат келтиради. Бу роль учун “Энг яхши эркак актёр” мукофотини қўлга киритади ва фильм бир қатор чет мамлакатларида омадли чиқиш қилади. 29 ёшли актёрнинг 65 ёшли кекса инсон ролини шу қадар маҳорат билан ўйнаши унга бошқа режиссёрлардан ҳам таклифлар ёмғирини ёғдиради. Кўпчилик унинг асл ёшини билгач,унга қизиқиб қолади ва кейинги картиналарда у ота образларида намоён бўлади.
Бхаттнинг картинасини суратга олиш чоғида у анча йиллардан бери севган Матху исмли қизга уйланади. Бироқ фильм катта экранларга чиққанида улар ажралишга ариза бериб бўлишганди. Матху Анупамнинг бир неча кунлаб уйда бўлмаслиги, узлуксиз репетициялар, учрашувлар, кўпинча уйда ёлғиз қолиб кетишидан азият чеккани боис у билан яшай олмади...
Бир куни Анупам узоқ йиллик курсдоши Кирон Тхакур Сингхни учратиб қолади. Панжоб университетида бирга ўқиган ёшларнинг ҳаёти бузилганди. Анупам ажрашган, Кирон ҳам турмушидан ажраб ўғли Сикандер билан ёлғиз қолганди. Кирон ҳам Ом Пракашнинг фильмида суратга тушишга ва бизнесмен Гаутама Беррига турмушга чиқишга улгурганди.
Анупам ва Кирон ўртасида муҳаббат пайдо бўлади ва 1985 йили улар турмуш қуришади. Кирон турмуш ўртоғининг фамилиясини олади, Анупам эса Сикандерни ўз ўғлидек қабул қилади.
Анупам Бхатт билан ҳамкорликни давом эттиради ва Раҳул Равайл каби кўплаб машҳур режиссёрлар билан ишларди. У борган сари фақат оталар образи билан чекланиб қолаётганидан хафа бўларди. Кейинчалик у бир қатор фильмларда салбий образларни ҳам намоён этади.
1988 йили катта экранларга “Pestonjee” фильми чиқади. Унда актёр бир аёлни севадиган икки дўстдан бирини ижро этади. Айни фильм ўша йили Миллий киноакадемия томонидан “Йилнинг энг яхши картинаси” сифатида тан олинади. Шу йили у режиссёр Яш Чопранинг “Ғалаба сари йўл” фильмидаги роли учун “Filmfare Awards”нинг “Энг яхши иккинчи даражали роль учун” мукофотини қўлга киритади. Анупам “Filmfare Awards” мукофотини 6 марта қўлга киритган ягона актёр саналади. Уларнинг 4 тасини у “Энг яхши комик рол”и учун олган.
Актёрликдан ташқари Анупам продюссерлик билан ҳам шуғулланган. 1999 йили у “Бека” фильмини суратга олади. Унда бош ролни актёрнинг рафиқаси Кирон ижро этади. Бу фильм ҳам бир қатор ҳалқаро мукофотларни қўлга киритади ва Берлин кинофестивалининг махсус мукофотига сазовор бўлади.
XXI асрга келиб Анупамнинг суянчиқ бўлиб 200 дан ортиқ турли фильмлардаги роллари, 8 та “Filmfare Awards” мукофоти, шу билан бирга қатор ҳинд ва ҳалқаро фестиваллардаги мукофотлари тоғдек турарди. Шу даврда у актёрликдан бошқа бирор нарса билан шуғулланиши лозимлигини тушуниб етади.
2002 йили Анупамнинг режиссёрлик дебют иши сифатида “Қалбан яқинлик” фильми катта экранларга чиқади. Бу фильмда Анупамнинг укаси Ражу ҳам роль ижро этган. Унгача Ражу ҳам 8 та картинада суратга тушишга улгурганди ва театр саҳнасидаги омадли актёрлардан бири сифатида танилганди.
2005 йили Мумбайда Анупам Кхер шахсий актёрлик мактабини очди. Бир муддат ўтиб, унинг филиаллари шаҳарнинг бошқа қисмларида ҳам иш бошлади. Ҳозирда ушбу мактабнинг филиаллари Лодон ва Сиднейда ҳам фаолият юритмоқда. Мактабнинг ўқитувчилари дунёдаги энг тажрибали ва тенгсиз педогог-актёрлардир.
Анупам фақат ҳинд киносида эмас, АҚШ ва Хитой киноларида ҳам қатор ролларни ижро этган. Ҳозирда у яна кино оламида мухлислари кўриб улгурмаган маҳоратини намоён этишга бел боғлаган. 450 дан ортиқ фильмлардаги роллари, 100 дан ортиқ театр постановкалари унинг меҳнатлари самарасидир.
Айтиш керакки, Анупам Кхер ўз орзуси сари йўлни тўғри белгилай олган ва шу орзу томон ҳеч нарсага қарамасдан ҳаракат қилган инсонлардан бири. У Кирон Кхер билан жуда бахтли эди. Улар бугунги кунда ҳам Болливуднинг энг ёрқин ва намунали жуфтликларидан бири саналади. Анупамнинг ягона армони – унинг ота бўла олмаганида...
Кирон билан турмуш қургач, улар фарзандли бўлиш учун жуда кўп ҳаракат қилишди, кўринмаган докторлари қолмади. Минг афсуски, натижа бўлмади.